Хайрия маблағларини йиғиш қонуний тартибга солинади

Қонун лойиҳасига шарҳ
Баъзида ижтимоий тармоқларда хайрия учун банк пластик карталарига йиғилган пулларни ўзлаштириш ёки эҳсон қутиларидаги пулларни ўмариш каби ҳолатлар рўй бергани ҳақида эшитиб қоламиз. Лекин амалдаги қонунчилигимизда ҳомийлик хайрияларини йиғиш тартиби, бу соҳадаги субъектлар фаолиятининг очиқлиги, уларга ажратилган маблағларнинг сарфланиши ҳақида ишончли маълумотга эга бўлиш имконияти яратилмаган. Ҳомийлик тўғрисидаги тартиб-қоидаларни бузганлик учун ҳам жавобгарлик белгиланмаган.
Бу эса фуқароларнинг асосли эътирозларига, ҳомийлик фаолияти билан қонуний ва виждонан шуғулланувчи нодавлат нотижорат ташкилотларига бўлган ишончнинг сусайиши ҳамда айрим шахсларнинг ҳомийлик маблағларини ўзлаштиришига сабаб бўлмоқда.
Шу боис “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ҳомийлик фаолиятини амалга ошириш тартибини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинди ҳамда палата расмий веб-сайтида жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.
Мазкур қонун лойиҳаси ҳақида депутат Руслан Собиров батафсил сўзлаб берди:
– Эҳтиёжманд аҳоли қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида нафақат давлат органлари, балки фуқароларимиз ҳам хайрия, эҳсон ва саховат ишларида ташаббускор кўрсатмоқда. Ушбу қонун лойиҳаси ҳомийлик фаолияти субъектларига нисбатан давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини жорий қилиш, ҳомийлик ташкилотларининг фаолияти очиқлигини ва фуқароларнинг уларга нисбатан ишончини ошириш ҳамда ҳомийлик фаолиятини амалга ошириш учун пул маблағларини йиғишни қонуний тартибга солишни назарда тутади.
Лойиҳада ҳомийликни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча механизмлари, ҳомийлик хайрияларини йиғиш, хайрия қутисини ўрнатиш ва ундан фойдаланиш тартиблари, шунингдек, ҳомийлик хайриялари тўғрисидаги ахборотни ошкор этиш ва бу жараённинг очиқлигини таъминлаш шартлари белгиланмоқда.
Ҳомийлик ташкилотлари томонидан нақд, нақд пулсиз ва мол-мулк кўринишида ҳомийликни қабул қилиш тартиби белгиланмоқда. Шунингдек, лойиҳага кўра, энди жисмоний шахслар ўзи ёки яқин қариндоши учун хайрия йиғиши мумкин. Яъни, пул борадиган ҳисоб рақам ёки банк картаси хайрия қабул қилаётган одамнинг ўзига ёки яқин қариндошига тегишли бўлиши керак.
Бундан ташқари, хайрия қутисидаги маблағлар у очилган кунда ёки кейинги иш куни ичида тегишли банк ҳисобрақамига кирим қилинади.
Қонун лойиҳасида хайрияларни йиғиш ва хайрия қутиларини ўрнатиш тартибини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик ҳам белгиланмоқда. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ҳомийлик хайрияларини йиғиш тартибини бузишнинг олдини олиш, ҳомийлик ташкилотлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш ҳамда уларга нисбатан фуқароларнинг ишончи ортишига хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди, ЎзА