“Баркамол авлод” болалар мактаблари фаолиятини такомиллаштириш борасидаги тажрибалар ўрганилди

222

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши ташаббуси билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда республика “Баркамол авлод” болалар мактаби томонидан Тўрткўл тумани “Баркамол авлод” болалар мактабида оммавий ахборот воситалари иштирокида пресс-тур ташкил этилди.

Тадбир иштирокчилари “Баркамол авлод” болалар мактабида ташкил этилган тўгараклар фаолияти билан танишди. Тўрткўл тумани “Баркамол авлод” болалар мактабида бугунги кунда 90 та тўгарак, шундан, умумий ўрта таълим мактабларида 61 тармоқ тўгараги ташкил этилган бўлиб, уларга жами 3 минг 295 нафар ўқувчи жалб этилган. Ўқувчилар қамровини янада ошириш, айниқса, чекка қишлоқлардаги мактабларда мактабнинг тармоқ тўгаракларини очиш ва у ердаги ўқувчи-ёшларнинг қизиқишларига қараб тўгараклар ташкил этиш борасида бир қатор ишлар олиб борилмоқда.

Шу куни Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда республика “Баркамол авлод” болалар мактаби томонидан мактабдан ташқари таълим самарадорлигини ошириш ва таълимга қўйилган давлат талабларининг бажарилиши бўйича амалий ўқув-семинари ҳам ўтказилди. Мазкур семинарда барча шаҳар ва туман “Баркамол авлод” болалар мактаблари раҳбарлари, услубчилар ва тўгарак раҳбарлари иштирок этди.

Таъкидланганидек, мазкур семинарни ўтказишдан мақсад, мактабдан ташқари таълим соҳасини юқори босқичга олиб чиқиш, тўгаракларда ўқувчилар қамровини ошириш, маданий-оммавий тадбирларни самарали тарзда ўтказиш, таълим соҳасини турли инновацион методлардан фойдаланган ҳолда ташкил этиш бўйича амалий-методик ёрдамлар кўрсатишдир.

Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси “Баркамол авлод” болалар мактаби директори Д.Казакова ва бошқалар сўзга чиқиб, мактабдан ташқари таълим ишларини янада такомиллаштириш ва уларда замонавий тўгараклар фаолиятини йўлга қўйиш, мактабларнинг 2024-2025 ўқув йилида амалга оширилган ишлар ва келгуси режалар, мактабларнинг моддий-техник базаси, тўгаракларнинг хомашё маҳсулотлари билан таъминланиш ҳолати қайд этилди. Шундан сўнг жорий ўқув йилида ташкил этилган замонавий тўгараклар ва уларнинг фаолияти бўйича Тўрткўл, Қўнғирот, Беруний туманлари ва республика “Баркамол авлод” болалар мактаблари тажрибалари юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, “Баркамол авлод” болалар мактабларида ўқув методик ишларининг олиб борилиши бўйича белгиланган ҳужжатларнинг юритилиши, тўгарак раҳбарларига методик ёрдам кўрсатиш, тўгаракларга қўйиладиган давлат талаблари, ҳар бир йўналишлар бўйича тўгаракларнинг иш режалари, ўқув дастурлари ва уларнинг бажарилиши кўриб чиқилди. Тўгаракларга ўқувчиларни қамраб олиш даражасини янада ошириш мақсадида таълим муассасаларида, маҳаллаларда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб бориш, маҳаллаларда ва мактабларда ташкил этилган тармоқ тўгараклари фаолиятини такомиллаштириш ва уларга методик ёрдам кўрсатиш масалалари муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, мазкур болалар мактаби тўгарак аъзолари республика ва халқаро танловларда фаол иштирок этиб келмоқда. Жумладан, 2024 йил апрель ойида Озарбайжон Республикаси Фан ва таълим вазирлиги томонидан болалар ва ёшлар ўртасида ўтказилган III халқаро “Гавалодош” онлайн фестиваль-танловида “Ёш доирачилар” тўгараги аъзолари 1-даражали диплом билан тақдирланди. Қозоғистон Республикасида ўтказилган “Байконур кубоги-2024” очиқ халқаро ракета-модель мусобақасида мактабнинг “Ракета-модель” тўгараги, 2024 йил август ойида Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилган “Аждодлар мероси” кўрик-танловида Чаросхон Комилжонова кулолчилик йўналишида, 2024 йил апрель ойида Ўзбекистон Республикаси “Баркамол авлод” болалар мактаби томонидан ўтказилган “Баркамол авлод болалари” фестивалида Машҳура Раҳимбердиева “Либослар дизайни” йўналишида биринчи ўринни эгаллади.

Тадбир доирасида 2025 йилда “Баркамол авлод” болалар мактабларида “STEAM-таълим дастури” бўйича эксперимент сифатида мактабдан ташқари таълимга қўйилган давлат талабларининг бажарилиши юзасидан ўтказиладиган навбатдаги семинар-тренинг режаси ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Иштирокчилар “Баркамол авлод” болалар мактабида олиб борилаётган ишлар, тўгарак машғулотлари жараёни билан яқиндан танишди.

Ўқув-семинари секторларга бўлинган ҳолда давом этди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА