Ўзбекистон ва Буюк Британия терма жамоалари пойтахтимизда қўшма йиғин ўтказмоқда (+видео)

178

Таэквондо WT бўйича яқиндагина халқаро турнирдан қайтган Ўзбекистон терма жамоасининг асосий таркиб вакиллари айни кунларда пойтахтимиздаги «Универсал» спорт саройида Буюк Британия терма жамоаси билан ҳамкорликда ўқув-машғулот йиғинини ўтказмоқда.

Халқаро йиғиндан кўзланган мақсад ўзаро тажриба алмашиш, яккакураш усталарининг маҳоратини ошириш ва хато-камчиликлар устида ишлашдан иборат. Илк бор ушбу мамлакат вакиллари иштирокида ўтаётган машғулотлар кунига икки маҳал, 3 соат давом этмоқда. Мазкур йиғин 8 март кунига қадар давом этади.

Йиғин доирасида ўзаро спарринг жанглари ўтказилди. Унда таэквондочилар ўз имконият даражасини чамалаб олди.

Дарвоқе, мазкур йиғинда Ўзбекистон терма жамоаси сафида турли вилоятлардан келган таэквондочилар ҳам қатнашмоқда. Буюк Британия терма жамоаси таркибидан эса жаҳон рейтингида ўз ўрнига эга 20 га яқин спортчи ўрин олган.

Маълумот ўрнида: таэквондо WT бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг кейинги йиғини апрель ойида ташкил этилади. Мазкур йиғинда Хитой, Тунис, Саудия Арабистони, Қозоғистон, Грузия каби мамлакатлар термалари иштирок этади. Бу йиғин таэквондочиларимиз учун Хитойда ўтадиган жаҳон чемпионатига тайёргарлик вазифасини ўтаб беради.

Жавоҳир Тошхўжаев,

Нишонбой Абдувоитов (видео), ЎзА