Ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш-давр талаби

285

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 3-январдаги «Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори доирасида тарғибот тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирга Қорақалпоғистон Республикаси Прокурорининг ўринбосари Шерзод Мухаматов, Ички ишлар вазирининг ўринбосари Бахитжон Избасаров, «Нуроний» жамғармаси Қорақалпоғистон бўлимининг раиси Турсинбай Абдижаппаров, Маънавият ва маърифат маркази Қорақалпоғистон бўлимининг раиси Татлимурат Атамуратов, II даражали меҳнат фахрийси Бийбиайим Юсупова, нуроний устоз Бегдулла Султанов, университет профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлар иштирок этди.

Тадбирни Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг ўқув ишлари бўйича проректори О.Дуйсенбаев олиб борди. Тадбирда сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 14 февралдаги ёшлар билан ўтказган учрашуви давомида илгари сурилган долзарб масалалар ва ёшларимизга яратилиётган кенг имкониятлар ҳақида сўз этди. Хусусан, ёшларга оид давлат сиёсатини янада такомиллаштириш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, турли салбий оқимлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш, шунингдек, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, тадбир давомида ёшларнинг ҳуқуқий онгини ривожлантириш ва уларни жиноятчиликдан ҳимоя қилиш мақсадида университетда ҳуқуқий билимларни тарғиб қилиш бўйича махсус дастурлар ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши зарурлиги таъкидланди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари томонидан жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган давлат сиёсати, маҳаллалардаги профилактик тадбирлар, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва кибержиноятчиликнинг олдини олиш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан маълумотлар берилди.

Тадбир якунида талабалар томонидан қизиқтирган саволлар берилиб, уларга мутахассислар томонидан тўлиқ жавоблар берилди. Шунингдек, ёшларга ҳуқуқий маданият ва фуқаролик масъулиятини оширишга қаратилган махсус тавсиялар берилди.




-Бундай тадбирларнинг мунтазам равишда ташкил етилиши ёшларда ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтиришга, шунингдек, жамиятда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга хизмат қилади,-дейди университет ўқитувчиси Парахатдин Ўринбаев.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги