Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш борасида ҳудудларда сайёр учрашувлар давом этмоқда

212

Айни пайтда Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси ходимлари томонидан ҳудудларда ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан яқиндан танишиш, тадбиркорларга амалий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга қаратилган сайёр учрашувлар давом этмоқда. Навбатдаги тарғибот тадбирлари Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилоятидаги ишлаб чиқариш корхоналарида ўтказилди.

4 та корхонада ўтказилган тарғибот тадбирларида асосий эътибор соҳага оид янги қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва ишлаб чиқаришда техник ва технологик нормаларга риоя этиш юзасидан тушунчалар бериш ҳамда мавжуд муаммолар ечимига қаратилди.

Мазкур тадбирларда тадбиркорлик субъектларига алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солишда хуфиёна иқтисодиётнинг олдини олиш чоралари, қонуний фаолиятнинг ижобий имтиёзлари, лицензия талаблари, янги ахборот тизими орқали интеграция жараёнларининг ижобий аҳамияти ҳақида тушунтирилди.

Инспекция ходимлари томонидан корхоналарда мавжуд зарур асбоб-ускуналар, приборлар, кимёвий реактивлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар билан жиҳозланганлик ҳолати, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда назарда тутилган барча зарур физик-кимёвий, микробиологик ва бошқа кўрсаткичларни таҳлил қилиш имконини берувчи ишлаб чиқариш лабораториялари мавжудлиги ўрганилди.

Ҳудудларда мавжуд корхоналарда белгиланган тартиб асосида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳажми тўғрисида ахборот берувчи электрон ҳисоблагичларни муҳрлаш ишлари ҳам олиб борилди.

ЎзА