Шахмат: Жаҳон чемпионатининг шиддатли баҳслари давом этмоқда

212

Черногориянинг Петровац шаҳрида 20 ёшгача бўлган шахматчилар ўртасида ўтказилаётган жаҳон чемпионатининг 2-тур ўйинлари ортда қолди.

Эркаклар ўртасидаги баҳсларда иштирок этаётган 6 нафар шахматчимиздан Муҳиддин Мадаминов қора доналарда украиналик Артем Дьячукни, Ҳумоюн Бекмуратов оқ доналарда болгариялик Иван Пещерани мағлуб этди. Ҳамюртларимиздан Муҳаммадзоҳид Суяров ва Орият Обиджонов рақиблари билан муроса йўлини танлаган вазиятда, Асроржон Омонов ва Миразиз Матёқубов имкониятни бой берди.

Хотин-қизлар ўртасида ўтган 2-тур ўйинларида шахматчи қизларимиздан Умида Омонова оқ доналарда чехиялик Лада Зелбовадан, Барчиной Шокиржонова қора доналарда италиялик Энрика Зитодан устун келди. Афрўза Ҳамдамова – Гулдона Каримова “дуэли”да дуранг натижа қайд этилди. Нилуфархон Имомқўзиева оқ доналарда жаҳон чемпионатида учинчи рақамда таснифланган хитойлик Сон Юйсинга ютқазиб қўйди.

Бугун, 27 февраль куни жаҳон чемпионатининг 3-тур ўйинлари бўлиб ўтади. Мазкур турда ҳамюртларимиздан Ҳумоюн Бекмуратов норвегиялик Элхам Амар билан, Муҳиддин Мадаминов арманистонлик Беник Агасаров билан куч синашади.

Эслатиб ўтамиз, 3-тур ўйинлари остонасида 19 нафар шахматчи 2 очко билан етакчилик қилаётган бўлса, шахматчи йигитларимиздан Муҳаммадзоҳид Суяров, Ҳумоюн Бекмуратов ва Муҳиддин Мадаминов ҳисобида 1,5 очко мавжуд.

Шахматчи қизлар баҳсида 15 нафар иштирокчи 2 очкога эга. Улар орасида ҳамюртимиз Умида Омонова ҳам борлиги эътиборли. Афруза Ҳамдамова ва Гулдона Каримова эса 1,5 очко билан 21-22-поғоналарда бормоқда.

11 турдан иборат жаҳон чемпионати мусобақалари 8 мартга қадар давом этади.

Т.Рўзиев,

ЎзА