Фернанда Эррера Осиё чемпионатида ғолиб бўлди

Кувайт давлатида қиличбозлик бўйича ўтаётган Осиё чемпионатининг сабля йўналиши бўйича ўтган яккалик баҳсларида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган Фернанда Эррера олтин медалга сазовор бўлди.
Шунингдек, ўғил болалар беллашувида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган Муса Аймуратов финалда хитойлик Вун Тез Вонгни 15:8 ҳисобида енгди ҳамда Осиёда тенгсиз эканини исботлади. Ушбу йўналишда иштирок этган яна бир вакилимиз Исломбек Абдазов бронза медали билан тақдирланди.

Ўсмирлар ўртасида қиличбозликнинг уч тури бўйича жамоавий мусобақа бўлиб ўтди.
Сабля йўналиши бўйича Карина Қурбонова, Наргиза Утебаева, Севара Ғаниева ва Ойгул Шамуратовадан иборат Ўзбекистон қизлар терма жамоаси 12 та терма жамоа орасида кумуш медални қўлга киритди.

Маълумот ўрнида: Осиё биринчилигининг кадетлар ёш тоифасида ташкил этилган сабля йўналиши бўйича ўтган беллашувларида 16 та терма жамоа орасида Ўзбекистон ўғил болалар терма жамоаси кумуш медалга сазовор бўлган эди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА