Муҳаммад Маҳмудов: Ўзбекистон – инновациялар маркази

Сўнгги йилларда рақамли трансформация жараёни юқори суръат олган. Соҳада муваффақиятга эришиш кўп жиҳатдан компаниялар ва мамлакатлар янги технологияларни қанчалик тез жорий этишига боғлиқ. ЎзА мухбири юртимизда IT соҳаси ривожи, стартаплар учун яратилаётган имкониятларда дунёдаги энг йирик инновацион платформалардан бири ҳисобланган “Plug and Play” компаниясининг ўрни хусусида ушбу корхонанинг Марказий Осиё бўйича директори Муҳаммад Маҳмудов билан суҳбатлашди.
– Муҳаммад ака, дастлаб “Plug and Play” компаниясининг вазифаси ва инновацияни ривожлантиришдаги ўрни ҳақида гапириб берсангиз.
– Компаниямиз зиммасидаги асосий вазифа маҳаллий стартапларнинг даражаси ва сифатини ошириб, халқаро бозорга чиқишига кўмаклашиш. Ҳозир муайян ташаббуслар илгари суриш орқали экотизимни халқаро стандарт билан мувофиқлаштиришга ҳаракат қиляпмиз. Биринчидан, акселерацион дастурларимиз халқаро талаб даражасида стартап тайёрлаш имконини беради. Турли давлатлардан таклиф этилган экспертлар тажриба ва билими билан бўлишади. Иккинчидан, бутун дунё бўйлаб венчур жамғармалари билан алоқа ўрнатишда стартапларга ёрдам берамиз. Жамоамиз тақдимотлар тайёрлашга кўмаклашади, маркетинг стратегиясини ўргатади. Қисқаси, саъй-ҳаракатимиз ўзбек бозорини ривожлантириш, мутахассисларимизни халқаро майдонда муваффақиятга эришиш йўлида қўллаб-қувватлашга қаратилган.
– Шу пайтгача Ўзбекистонда қандай муваффақиятли лойиҳалар амалга оширилди?
– 2022 йил охирида Рақамли технологиялар вазирлиги, “IT-Park” ва “Aloqa Bank” кўмагида компания филиали очилгач, илк акселерацион дастурни ишга туширдик. Бу жараёнда турли йўналишлар бўйича энг яхши старпатлар саралаб олинди. Шундан сўнг ушбу лойиҳалар даражасини халқаро сармоядорлар талабига мос равишда ошириш мақсадида тажрибали экпертларни жалб қилдик. Трекерлар – ҳар ҳафта стартап билан ишлаб, турли вазифаларни ҳал қилиш, юзага келадиган тўсиқларни бартараф этишга кўмаклашадиган мутахассислар тайинланди. Бугунги кунга қадар амалга оширилган тўртта акселерацион дастурдан учтаси вазирлик ва “IT-Park” томонидан қўллаб-қувватланди. Таъсисчи аёлларга қаратилган, USAID гранти ҳисобидан молиялаштирилган тўртинчи дастур доирасида иштирокчилар корхонанинг Калифорниядаги Силикон водийсида жойлашган бош офисига олиб борилди. Ҳозиргача тайёрланган 60 дан зиёд стартап учун миллион доллардан зиёд сармоя жалб қилинди. Бу ютуқлар фаолиятимиз самарадорлигидан дарак бериб, Ўзбекистон стартапларига кўрсатилаётган кўмак нақадар муҳимлигини кўрсатади.
– 2025 йил “Plug and Play” минтақада илгари сурадиган асосий ташаббусларга тўхталсангиз.
– Жорий йил яна учта янги дастурни ишга тушириш кўзда тутилган. Бу гал нафақат инвестиция жалб қилиш, балки корпоратив инновацияни жорий қилишга ҳам эътибор қаратилади. Акселератор эҳтимолий муаммоларга дуч келаётган, замонавий ечимлар талаб этадиган стартаплар ҳамда корпоратив шериклар ўртасида алоқалар йўлга қўйишни режалаштирган. Бу стартапларга ишланмалар таклиф қилиш имкони бор. Май ойида бўлиб ўтадиган анъанавий технологиялар кўргазмасига стартап-экотизимининг барча иштирокчилари таклиф этилган. Нетворкинг учун ажойиб имконият саналган тадбирда стартап эгалари янги шериклар билан танишади. Июнь ойида компания Европадаги учрашувлар учун компаниялар ва тижорат банкларини йиғиб, FinTech соҳасида инновация миссияни ташкил этади. Иштирокчилар давра суҳбатлари орқали асосий ҳамкорлар билан алоқа ўрнатиш имконига эга бўлади. Шу ой ўрталарида бош идорамизда энг муҳим тадбирлардан бири – “Silicon Valley Summit” ўтказилади. Янги имкониятлар топиш, ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириш мақсадида тадбирга Ўзбекистон ва Марказий Осиёдан шериклар таклиф этилади.
– Таълим дастурлари орқали талабалар ва стартап эгаларига қандай имкониятлар тақдим этилади? Бу борада қўллаб-қувватланган стартапларни санаб ўта оласизми?
– Дарҳақиқат, таълим дастурлари ёшлар учун ажойиб имкониятлар эшигини очади. Талабалар нетворкинг бўйича билимини ошириши, стартап ва тадбиркорлик бўйича тажрибага эга халқаро экспертлар ва менторлар билан мулоқот қилиши мумкин. Аввал Саудия Арабистони, шунингдек Европа ва Африкадан мутахассислар жалб қилинган. Энди Америка ва Яқин Шарқдан меҳмонлар келиши кутиляпти. Дастур менторларининг аксарияти стартаплар асосчилари сифатида кенг миқёсда алоқаларга эга. Масалан, менторлардан бири ўзбек платформасини янги бозорга кўчириш учун шўъба корхонаси ташкил этиш орқали икки стартапни Саудияга кўчириш таклифини киритди. Бу айни тармоқ ва тажрибадан фойдаланиш нечоғли муҳимлигини кўрсатади. Қайд этиш керак, аксар стартаплар маҳсулот сифатини яхшилашга эътибор қаратади. Ментор одатда маҳсулот кўриниши истеъмолчининг ҳақиқий эҳтиёжидан сезиларли фарқ қилиши мумкинлигини таъкидлайди. Шу боис, бозорга мослашиш учун маҳсулотни синовдан ўтказиш жуда муҳим.
– Нима сабабдан хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган дастурларга алоҳида эътибор қаратилади?
– Дастурларимиз доирасида акселерация учун танлашда асосий эътибор таъсисчининг жинсига эмас, балки стартапнинг салоҳиятига қаратилади. Масалан, таъсисчи аёллар учун ишга туширилган махсус лойиҳа асосида бутун Марказий Осиёдан энг истиқболли стартаплар танлаб олиниб, дастур сўнггида БМТ Тараққиёт дастури ва GIZ Халқаро ҳамкорлик жамияти кўмагида Силикон водийсига ташриф уюштирилди. Иштирокчилар инновация марказида стартапнинг ишлашини кўриш, тажриба алмашиш имконига эга бўлди. Ўз тажрибамдан келиб чиқиб таъкидлашни истардимки, муваффақиятли стартап мижоз эҳтиёжи асосида яратилади. Ечим таклиф этилишидан олдин бозор пухта ўрганилади. Мавжуд ғояни такомиллаштиришга қаратилган стартап эса юқори натижага эришиши қийин. Тадбиркор бозордаги оғриқли нуқтани аниқлаб, ҳақиқатан истеъмолчи учун зарур ечим ишлаб чиқиши зарур. Аёллар ноёб ечимлар таклиф эта олганликлари боис, бу жараёнда уларнинг ўрни муҳим. Бу айниқса, косметология ва хотин-қизлар нуқтаи назари ҳал қилувчи омил ҳисобланган соҳаларга тааллуқли. Стартап яратувчи тадбиркор аёллар бозордаги муайян сегмент эҳтиёжини аниқ қондириб, лойиҳани ҳозирги тенденция ва талабга мувофиқ ривожлантира олади.
– Платформа 2006 йил ишга туширилгандан буён турли мамлакатлардаги 35 стартапни юникор компанияга айлантиришда ёрдам берди. “Plug and Play” компанияси ўзбек стартапларининг жаҳор бозорига чиқиши ва инвестиция жалб қилишига қай даражада кўмаклашмоқда?
– Биз Ўзбекистондаги уч стартапга сармоя киритдик. Бу борада истиқболли лойиҳаларни излаш давом этяпти. Жамоамизда ҳар куни мамлакатимиз ва хориждаги стартапчилар, венчур жамғармалари билан мулоқот қилиб, молия манбаларини топиш ва ривожланишга кўмаклашадиган мутахассислар ишлайди. Ўзбек стартапларини “Plug and Play” халқаро экотизимига бирлаштирамиз. Идорамиз бутун дунёдаги, жумладан АҚШ, Осиё ва
Яқин Шарқдаги 180 дан зиёд венчур фонд билан ҳамкорлик қилади. Ҳар ҳафта гибрид форматда (онлайн ва оффлайн тарзда) IT-саноатининг турли йўналишлари бўйича питч-сессиялар бўлиб ўтади. Мазкур анжуманларда стартаплар ўз ғоясини тақдим этиб, халқаро сармоядорларни жалб қилиши мумкин. Биз ўзбек стартапчиларининг чет эл бозорига чиқиши ва глобал венчур жамғармалардан сармоя чақиришига шу тариқа кўмаклашамиз.
– 40 000 дан зиёд стартап, 500 дан ортиқ жаҳондаги етакчи корпорация ва университет, давлат муассасаси, венчур фондини бирлаштирган мазкур инновацион платформа тажрибасига асосланиб, Ўзбекистоннинг Европа учун IT-аутсорсинг маркази сифатидаги салоҳиятини қандай баҳолайсиз? Бу борада мамлакатимиз қандай афзалликларга эга?
– Ишончим комилки, бу борада Ўзбекистон бой салоҳиятга эга. Юксак билимли ёшлар ва интилувчан аҳоли – муҳим афзаллик омили. Сўнгги йилларда чет тиллари, айниқса инглиз тилини ўқитишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу халқаро бозорда ўзбек мутахассислари рақобатбардошлигини таъминлайдиган муҳим жиҳат. Мамлакатимизга келаётган хорижлик экспертлар ёшларимизнинг юқори даражадаги тайёргарлиги, техник кўникмага эгалиги, интилувчанлигини қайд этмоқда. Кўп давлатлардан фарқли ўлароқ, бизда инновация учун ҳаракат ва интилиш бор. Энг муҳими, ривожланиб бораётган IT-инфратузилма, давлат томонидан қўллаб-қувватланиш ва технологик экотизим фаол ривожланиши халқаро компаниялар ва сармоядорларни жалб қилиш учун қулай шароит яратмоқда. Бу омиллар Ўзбекистоннинг жаҳон IT-аутсорсинг бозорида муносиб ўрин эгаллашига замин яратмоқда.
– Ўзбекистон Марказий Осиёнинг тўлақонли технологик хабига айланиши учун нима қилиш керак, деб ўйлайсиз?
– Бунинг учун қатор стартегик қадамлар зарур. Биринчидан, меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш зарур. Хусусан, муқобил инвестицияни тартибга солувчи қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш талаб этилади. Бу нафақат венчур фондлари ва стартапларни, балки кенг доирадаги молия воситаларини ҳам қамраб олади. Қоғозбозликка асосланган тўсиқларни бартараф этиш сармоя жалб қилиш жараёнини соддалаштиради, технологик сектор ривожланишни тезлаштиради. Иккинчидан, бўлажак тадбиркорлар ва мутахассислар тайёрланадиган университетлар ва стартап экотизимини қўллаб-қувватлашни кучайтириш керак. Бу жараёнда истеъдодларни ривожлантириш ва уларни муваффақиятли стартап яратиш учун тайёрлашга қаратилган инкубацион дастурлар муҳим. Компаниямиз бутун дунёдаги университетлар билан фаол ишлайди. Бу борадаги фаолиятни янада кенгайтириш, юртимиздаги олий ўқув юртлари билан ҳам фаол ишлаш ниятидамиз. Тошкентда халқаро молия марказини ташкил этиш бу борадаги муҳим қадламлардан биридир. Остонадаги худди шундай марказ хорижий сармоядорлар учун муҳим платформага айланиб, ўз самарадорлигини кўрсатди. Энди ўзбек молия маркази муносиб рақобатга киришиш учун янада қулай шарт-шароит ва афзаллик таклиф қилиши керак. Бу хорижий инвесторларни жалб қилиш, мамлакатимизнинг минтақадаги технологик хаб сифатидаги мавқеини мустаҳамлаш имконини беради.
Хуллас, ташаббусларни оқилона уйғунлаштириш, қонунчилик ислоҳоти ва стартап экотизимини ривожлантириш, кучли молиявий инфратузилма яратиш Ўзбекистонни Марказий Осиёда технология ва инновация соҳасидаги етакчига айлантириши шубҳасиз.
Азиза Алимова суҳбатлашди.
Дониёр Ёкубов (сурат), ЎзА