Покистон нашрлари Ўзбекистон ҳақида

169

Шу кунларда Покистоннинг етакчи нашрлари юртимиз билан боғлиқ мавзуларга алоҳида эътибор қаратмоқда. Хусусан, “Independent News Pakistan – INP” нашри эълон қилган “Ўзбекистон – Покистон икки томонлама муносабатлари: ташқи сиёсатга назар” номли мақолада икки мамлакат ўртасида дипломатик ва иқтисодий алоқалар сўнгги йилларда изчил ривожланиб, янада мустаҳкамланаётгани таъкидланган. Бош вазир Шаҳбоз Шарифнинг юртимизга расмий ташрифи ўзаро ҳамкорлик ва минтақавий тараққиётнинг янги даврини очиб бериши, халқларимизни янада жипслаштириши, қўшма ташаббуслар ҳаётга татбиқ этилишини жадаллаштиришига урғу берилган.

– Ўзбекистон ва Покистон етакчиларининг саъй-ҳаракати туфайли сўнгги йилларда ўзаро муносабат стратегик шерикликнинг сифат жиҳатидан янги босқичига кўтарилди, – дейилган мақолада. – Исломобод ва Тошкент иқтисодий фаолликни ошириш, қўшма транспорт ва транзит лойиҳаларини илгари суриш, тарихий, маданий ва илмий алоқаларни тиклаш орқали трансминтақавий боғлиқликни мустаҳкамлашга ҳар томонлама тайёр.

Қайд этиш жоиз, Покистон оммавий ахборот воситалари мамлакатларимиз ўртасидаги муносабат тобора мустаҳкамланиб, ўзаро жозибадорлик ошаётганини алоҳида таъкидламоқда. Масалан, “The Nation” нашри расмий ташриф доирасида алоқаларни ривожлантиришга қаратилган муҳим шартномалар имзолангани ҳақида ёзди.

– Келишувлар турли соҳалар, жумладан Тошкент ва Лаҳор ўртасида биродарлик меморандуми, ахборот агентликлари ҳамкорлиги, ёшлар билан ишлаш, фан, технология ва инновация соҳасидаги умумий саъй-ҳаракатларни қамраб олди, – деб ёзади муаллиф. – Бундан ташқари, дипломатик паспорт эгалари учун визасиз саёҳат, ҳарбий соҳада маълумот алмашиш, ички ишлар тизимида ҳамкорлик, касбий ва техник тайёргарлик, дипломатлар тайёрлаш дастурлари бўйича келишувлар расмийлаштирилди.

Daily Ittehad” газетаси эса Ўзбекистонда кечаётган ислоҳотлар ва икки томонлама муносабатларга бағишлаб махсус сон чоп этди.

Хусусан, журналист Муҳаммад Аббос Хоннинг “Покистон ва Ўзбекистон тинчлик ва тараққиёт йўлида” номли урду тилида ёзилган мақоласида стратегик ҳамкорлик изчил ривожланиши нафақат икки давлат, балки қўшни минтақалардаги тараққиёт ва умумий фаровонликка ижобий таъсир кўрсатаётгани таъкидлаган:

– Олий даражали ташриф чоғидаги очиқ ва дўстона сиёсий мулоқот умумий иқтисодий манфаатларни илгари суриш мақсадида қулай савдо йўлакларидан фойдаланиш, янги минтақавий боғлиқлик ташаббусларини келишиш, автомобиль ва темир йўл транспорти инфратузилмасини ривожлантириш, миллий иқтисодиётлар учун ўзаро ва бошқа давлатлар янги бозорларига чиқиш учун шароит яратиш, минтақавий тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлайдиган самарали механизмлар ишлаб чиқиш учун пойдевор бўлиши кутилмоқда.

Бугун олий даражадаги музокаралар доирасида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА билан ҳамкорлик битими имзолаган ҳамкоримиз – “Associated Press of Pakistan – APP” ахборот агентлиги саҳифасида “Покистон ва Ўзбекистон минтақавий алоқалар ва икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиради” номли материал чоп этилди.

Мақолада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф расмий делегациялар иштирокида ўтказган музокарада стратегик шериклик муносабатини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашнинг барча йўналишлари кўриб чиқилгани баён қилинган.

– Икки давлат раҳбарлари тўрт йил ичида ўзаро товар айирбошлаш миқдорини 2 миллиард долларга етказиш, Транзит савдоси бўйича битим ва Имтиёзли савдо битими самарали амалга оширилишини таъминлаш, икки мамлакат махсус иқтисодий зоналарига сармоя киритишни рағбатлантириш, ишбилармон доиралар ҳамкорлигини ривожлантиришга келишиб олдилар, – дея таъкидлайди муаллиф.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мустаҳкам заминга эга Ўзбекистон – Покистон муносабатлари барча йўналишларда янги босқичга кўтарилмоқда. Кўпгина соҳаларда салмоқли ютуқларга эришилган ва шу билан бирга ҳар икки томон ўзаро манфаатли шерикликни жадаллаштириш учун мавжуд улкан салоҳиятдан унумли фойдаланишга тайёр.

Ўткир Алимов тайёрлади.

ЎзА