Насослар самарадорлигини оширишда халқаро ҳамкорлик

154

Сув хўжалиги вазирлигида Сув ресурслари, сув таъминоти ва санитария тармоқлараро ишчи гуруҳининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди. Унда тармоқ ишчи гуруҳи аъзолари, сувга дахлдор вазирлик ва идоралар, Швейцария элчихонаси, мамлакатимизда фаолият юритаётган халқаро ташкилот вакиллари иштирок этди.

Унинг очилишида сўзга чиққан тармоқ ишчи гуруҳи ҳамраиси, Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Тимур Бутунбаев Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари ҳақида тўхталиб ўтди. Бу борада суғориш тизимларини модернизация қилиш ва илғор технологияларни жорий этиш ҳисобидан сув йўқотишларини камайтириш, давлат-хусусий шериклик механизмларини ривожлантириш орқали хусусий сектор иштирокини кенгайтириш, шунингдек, сув ресурсларидан фойдаланишда шаффофликни ошириш учун рақамли технологияларни жорий этишга эътибор қаратилаётганлигини таъкидлади.

— Мазкур йиғилишдан кўзланган асосий мақсад Президент Шавкат Мирзиёев томонидан сувни исроф қилмаслик, ундан оқилона фойдаланиш бўйича илгари сурилаётган ташаббусларни амалга татбиқ этишга кўмаклашиш, шу бўйича экспертлар билан мулоқот ўтказишдир. Хусусан, сув хўжалиги тизимини ислоҳ қилиш, насослар самарадорлигини ошириш бўйича ишларни ҳам муҳокама қилаяпмиз, – деди Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонаси раҳбари ўринбосари Андрин Финк.

Шунингдек, тадбир давомида аҳолини ичимлик суви ва канализация тизими билан сифатли таъминлаш бўйича чора-тадбирлар, халқаро ҳамкорлар билан биргаликда ишлаб чиқиладиган лойиҳаларни режалаштириш ва амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди. Энергия самарадорлиги, давлат-хусусий шериклик, тарифларни тартибга солиш, оқава сув стандартлари, сув соҳасида ижтимоий масъулият, сув ресурсларини бошқаришнинг гендер жиҳатлари таҳлил қилинди.

Тармоқ ишчи гуруҳи аъзолари Ўзбекистонда сув ресурслари, сув таъминоти ва канализация секторини барқарор ривожлантириш бўйича ҳукумат ва халқаро ҳамкорлар ўртасидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштирган ҳолда ишларни давом эттиришга келишиб олдилар.

Санжар Тошпўлатов, ЎзА