“Вақф” фондининг хайрия тадбири

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда “Вақф” хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон филиали томонидан муборак Рамазон ойи арафасида хайрия тадбири ташкил этилди.
Нукус шаҳридаги “Боғчилик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Jungle Land” болалар майдончасида 60 нафар етим ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун кўнгилочар тадбир ташкил этилди. Болажонлар бу ердаги Россияда ишлаб чиқарилган энг сўнгги русумдаги замонавий аттракционларда дам олишди. Шундан сўнг, “Карвонсарой” тўйхонасида дастурхон ёзилиб, болаларга турли совғалар улашилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари Р.Нуразизов, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Б.Разов сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда ўсиб келаётган ёш авлодни миллий анъаналар ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, оила, маҳалла ва таълим муассасалари ролини ошириш, шунингдек, етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашга қаратилаётган эътибор ҳақида тўхталди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ижтимоий ҳимояга муҳтожлар, ногиронлиги бўлган оилаларга доимий ғамхўрлик кўрсатиб келинмоқда. Айниқса, “Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида етим болалар ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳуқуқлари кафолатларининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш тизими янада кучайтирилди.
– Муборак Рамазон ойида бундай хайрия тадбирлари кўплаб ташкил этилади, – дейди “Вақф” хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон филиали раҳбари Исламбек Тажетдинов. – Жумладан, яқин кунларда Саудия Арабистонининг кўмак ва хайрия ишлари маркази томонидан 461 та кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисидан айрилган, ногиронлиги бўлган оилага, шунингдек, Туркиянинг хайрия фонди томонидан 700 та эҳтиёжманд оилага озиқ-овқат маҳсулотлари топширилади.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА