Сиёсатдаги аёллар

163

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳамда фракциясининг “Аёлга эҳтиром” ҳафталиги доирасида “Сиёсатдаги аёллар: Ўзбекистон тажрибаси ва глобал тенденциялар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Таъкидлаганидек, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, бошқарувда қарорлар қабул қилиш жараёнига уларни кенг жалб этиш, сиёсатчи аёлларни қўллаб-қувватлаш мақсадида партия қошида иккита тузилма – “Аёллар қаноти” ҳамда “Депутат аёллар клуби” ташкил этилган. Ўтган давр мобайнида ушбу тузилмалар томонидан хотин-қизлар муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг яшаш ва меҳнат шароитларини яхшилаш, оилага дахлдор масалаларни ҳал этишнинг конструктив тизимини жорий этишга алоҳида урғу берилди. Хотин-қизларга дахлдор бўлган 100 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга таклифлар берилди. Ҳар бир депутат аёлга бир нафардан сиёсий фаол ёшлар “Устоз-шогирд” анъанаси асосида жами 500 нафар талаба қизлар бириктирилди ҳамда улар партия захирасига киритилди.

“Депутат аёллар клуби” аъзолари томонидан ўтказилган 16 мингдан ортиқ сайёр қабулларга 164 минг 688 нафар аҳоли қамраб олинди. Айнан хотин-қизларга тааллуқли 69 ярим мингга яқин мурожаат бўлди. Масалан, уй-жой масалалари бўйича мурожаатларнинг аксарияти ижобий ҳал этилди.

“Устоз-шогирд” анъанасини ривожлантириш, бандлиги таъминланмаган хотин-қизларни бепул касб-ҳунарга ўргатишга қаратилган “Хизмат – беминнат” лойиҳаси “Аёллар қаноти”нинг асосий лойиҳаларидан саналади. Депутат аёллар билан ҳамкорликда жами 1 минг 807 та ўқув курси очилди. Уларга жами 10 минг 468 нафар бандлиги таъминланмаган хотин-қизлар қамраб олиниб, касб-ҳунарга бепул ўқитилди, 602 нафари ўз тадбиркорлигини бошлади.

“Депутат билан юзма-юз” лойиҳаси доирасидаги учрашувлар натижасида жами 2 минг 838 та депутат сўрови чиқарилган. “Уйма-уй” лойиҳаси доирасида 16 минг 24 та эҳтиёжманд оилалар ҳомийларни жалб этиш орқали ижтимоий қўллаб-қувватланди. 6 мингдан ортиқ хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди. 1 минг 417 нафар аёлларга банк кредитлари олишда кўмак берилди. 1 минг 649 нафар хотин-қизларга соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалаларда ёрдам берилди.

Партия Марказий кенгашининг 2025 йил 23 январдаги I Пленумида партия қуйи тузилмалари таклифларини инобатга олган ҳолда “Депутат аёллар клуби”нинг таркиби, мақсад-вазифалари кенгайтирилиб, “Сиёсатчи аёллар клуби”га ўзгартирилди. Клуб ўз фаолиятида партия Сайловолди дастуридан келиб чиққан ҳолда тўй ва оилавий маросимларни тартибга солишга қаратилган қонунни ташаббус қилиш, талаба оналарнинг фарзандлари учун олий таълим муассасалари ҳузурида махсус болалар хоналари ёки боғчалар ташкил этиш, фарзанд кўрган аёлларга бола уч ёшга тўлгунига қадар ҳақ тўланадиган “Оналик таътили” бериш тизимини жорий қилиш, эрта никоҳнинг олдини олиш каби масалаларга эътибор қаратади.

Давра суҳбатида клубнинг шу каби фаолият йўналишлари муҳокама қилиниб, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА