Дуал таълимнинг афзалликлари нимада? (+видео)

Дуал таълим нима? У стандарт ўқитиш тамойилларидан қандай фарқ қилади? Ушбу таълим жараёнининг қандай ижобий томонлари бор ва нега кўпчилик мамлакатлар учун бу таълим намунали ҳисобланади?
Соҳа вакилларининг таъкидлашича, Германия дуал таълим тизимининг асосчиси ҳисобланади. Германия касб-ҳунар таълими ривожланган мураббийлик институти, амалиётга йўналтирилган таълим ва ушбу тизим ҳозирда Германия, Австрия, Швейцария ва Корея Республикаси каби мамлакатларда иқтисодиётни ривожлантиришда жуда катта ўринга эга.
Бугунги кунда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги айни кунларда дуал таълим тизимини жорий этиш ва уни такомиллаштириш юзасида ҳамкорликда фаолият юритмоқда.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти томонидан пресс-тур ташкил этилди.
Қайд этилишича, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида 3-4 курс талабаларининг ўқиши Савдо саноат палатаси, Ўзтўқимачиликсаноат, Ўзчармсаноат ва бошқа уюшмалар таркибидаги 20 дан ортиқ корхона билан ҳамкорликда «3+3» (3 кун институтда, 3 кун корхонада) шаклида ташкил этилган. Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб, республикада биринчилардан бўлиб, тажриба-синов тариқасида дуал таълим шаклида ўқитишни йўлга қўйди.
“Касб эгаси” дуал таълим тизими асосида таҳсил олаётган жами 1 минг 251 нафар талабадан 251 нафари дуал таълим асосида таҳсил олиш билан бир вақтда корхонада ойлик маош олиб меҳнат фаолиятларини олиб бормоқда.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Назокат Абдуқундузова томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, айни вақтда техник-муҳандисликка ихтисослашган 30 дан ошиқ олийгоҳ томонидан эҳтимолий иш берувчи ҳисобланган жами 1 000 га яқин ишлаб-чиқариш ва саноат корхонаси, қурилиш, транспорт ва лойиҳа-конструкторлик ташкилотлари билан битим ва шартномалар асосида ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган.
Саноат корхоналари билан бир қанча ҳамкорлик шаклларидан (амалиёт, ихтисослик кафедраларини ташкил этиш, ҳамкорликда илғор муҳандислик мактаблари, технопарклар фаолиятини юритиш, спин-офф компаниялар, илмий лабораториялар тузиш, малака ошириш курслари) бири дуал таълим бўлиб, бунда таълим жараёнининг нинг назарий қисми олий таълим ташкилотида, амалий қисми эса корхонада (иш жойида) ўтказилади.
Пресс-турда илк манзил “ZELAL TEKSTIL” МЧЖ хорижий корхонаси бўлди. Институт корхона билан 2022 йилдан буён талабаларни дуал таълим асосида ўқитиш, талабалар амалиётини ташкил этиш юзасидан ҳамкорлик қилади. 2022 йилдан буён айни вақтгача корхонада 120 нафар талаба дуал таълим асосида таҳсил олган. Институтни битирган 10 нафардан ортиқ талаба корхонада ишлайди. 2024/2025 ўқув йилида 18 нафар талаба дуал таълим асосида таҳсил олиш билан бир вақтда ойлик маош олиб ўз меҳнат фаолиятини олиб бормоқда.
Шундан сўнг журналистлар “Nurtex” МЧЖ фаолияти билан танишди. МЧЖ Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти билан талабалар амалиётини ташкил этиш, 2022 йилдан буён талабаларни дуал таълим асосида ўқитиш юзасидан ҳамкорлик қилади. Талабаларга корхонанинг етук мутахассислари замонавий тикув машиналарида, тугма қадаш ва изма очиш ярим автоматларида, намлаб иситиб ишлов бериш ускуналарида, бичиш дастгоҳларида ишлашни ўргатади. Дуал таълим шаклида таҳсил олиш жараёнида талабаларга ойлик маош бериб борилади.
Пресс-турнинг сўнгги манзили Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти бўлди. ОТМда янги технопаркнинг очилиш маросими ташкил этилди. Унда талабарни ишлаб чиқариш жараёнига тайёрлаш барча шарт-шароит яратилган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА