11 нафар ёш шахматчимиз жаҳон чемпионатида қатнашмоқда

176

Черногориянинг Петровац шаҳрида шахмат бўйича U20 ёш тоифаси бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида навбатдаги жаҳон чемпионати баҳслари бўлиб ўтмоқда.

Дунёнинг 60 дан зиёд давлатларидан маҳоратли шахматчилар иштирок этаётган жаҳон чемпионатида мамлакатимиз шарафини 11 нафар шахматчимиз ҳимоя қилмоқда. Уларнинг 6 нафари эркаклар, 5 нафари хотин-қизлар ўртасидаги баҳсларда қатнашмоқда.

Эркаклар мусобақасида 58 та давлатнинг 150 нафар, аёллар мусобақасида 49 та давлатнинг 98 нафар шахматчиси дона сурмоқда.

Кеча чемпионатнинг 1-тур ўйинларида терма жамоамиз аъзоларидан Муҳаммадзоҳид Суяров, Асроржон Омонов ва Миразиз Матёқубов ғалабага эришган бўлса, Ҳумоюн Бекмуратов, Орият Обиджонов, Муҳиддин Мадаминов дуранг натижа қайд этди.

Хотин қизлар ўртасида ўтган дастлабки тур ўйинларида ҳамюртларимиздан Афрўза Ҳамдамова, Умида Омонова, Гулдона Каримова рақибларини доғда қолдирди. Ёш шахматчи қизларимиздан Нилуфархон Имомқўзиева рақиби билан муроса йўлини танлаган бўлса, Барчиной Шокиржонова имкониятни бой бериб қўйди.

Бугун, 26 февраль куни жаҳон чемпионатининг 2-тур баҳслари ташкил этилади.

11 турдан иборат жаҳон чемпионати мусобақалари 8 мартга қадар давом этади.

Т.Рўзиев, ЎзА