Ўзбекистон ва Покистоннинг улкан салоҳиятга эга иқтисодиёти бир-бирини тўлдиради

Тошкент шаҳридаги Халқаро конгресс марказида 26 февраль куни Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шарифни расмий кутиб олишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев олий мартабали меҳмонни самимий қутлаб, шоҳсупага таклиф этди. Ҳарбий оркестр икки мамлакат давлат мадҳияларини ижро этди.
Етакчилар фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини бир-бирига таништирдилар.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф тор доирада ва расмий делегациялар иштирокида музокара ўтказдилар.
Ўзбекистон – Покистон стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашнинг барча йўналишлари кўриб чиқилди.
Суҳбат аввалида Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф самимий қабул учун Президентимизга миннатдорлик билдирди.
Давлат раҳбарлари кейинги йилларда кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этдилар.
Фаол сиёсий мулоқотлар, самарали парламентлараро ва идоралараро алмашинувлар давом этмоқда.
2024 йилда товар айирбошлаш ҳажми 400 миллион доллардан ошди, қўшма корхоналар сони 130 тага етди. Карачи ва Тошкентда савдо уйлари очилди. Тошкент ва Лаҳор ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар тикланди.
Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши, бизнес форумлари ва Ўзбекистон миллий саноат кўргазмаси муваффақиятли ўтказилди.
Музокараларда савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Қабул қилинган «йўл харитаси» асосида товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш бўйича ўзаро мувофиқлашган чоралар кўриш муҳимлиги таъкидланди.
Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим доирасида товарлар рўйхатини кенгайтириш, фитосанитария ва карантин талабларини, божхона тартиб-таомилларини ўзаро соддалаштириш, стандартларни яқинлаштириш, электрон савдо платформаларини интеграция қилиш, харидларда иштирок этиш имкониятини таъминлаш, банклараро ҳисоб-китоблар механизмларини такомиллаштириш ва бошқалар устувор вазифалар сифатида белгиланди.
Етакчи компанияларнинг фармацевтика, электротехника, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, геология ва минерал ресурслар, тўқимачилик, чарм саноати ва бошқа тармоқларда кооперация лойиҳаларини амалга ошириш режалари кўриб чиқилди.
Ҳудудлар ўртасидаги ишбилармонлик ва маданий алоқаларни рағбатлантириш мақсадида давлатимиз раҳбари Ўзбекистонда икки мамлакат ҳудудлари форумини ўтказишни таклиф этди.
Ўзбекистон ва Покистон етакчилари транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни кучайтириш ва транзит салоҳиятини рўёбга чиқариш масалаларига алоҳида тўхталдилар.
Кейинги бир неча йилда «Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон» мултимодал йўлаги орқали юк ташиш ҳажми 5 баробар кўпайгани мамнуният билан қайд этилди. Юк айланмаси ҳажмини янада ошириш мақсадида қўшма транспорт-логистика компаниясини ташкил этишга келишиб олинди.
Трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳасини амалда илгари суриш мақсадида биргаликдаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш муҳим экани таъкидланди.
Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини жорий йил июль ойида Лаҳор шаҳрида ўтказишга келишиб олинди.
Томонлар маданий-гуманитар ва туризм алмашинувини янада кенгайтириш муҳимлигини қайд этдилар. Шу маънода, ўзаро Маданият ҳафталиклари ва туризм дастурлари тақдимотларини ўтказишга келишиб олинди.
Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Қўшилмаслик ҳаракати, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, ШҲТ ва бошқа кўп томонлама тузилмалар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.
Ўзбекистон Президенти ва Покистон Бош вазири терроризм, радикализм, исломофобия ва хавфсизликка таҳдид солаётган бошқа замонавий хатарларга қарши курашишда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурлигини таъкидладилар.
Кенг кўламли ҳамкорликнинг янги йўналишларини ишлаб чиқиш мақсадида Олий даражадаги стратегик шериклик кенгашини таъсис этиш ва унинг биринчи йиғилишини келгуси йилда ўтказишга келишиб олинди.
Олий даражадаги музокаралар якунида эришилган келишувлар ва имзоланган битимларни ўз вақтида амалга ошириш бўйича қўшма «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф кўп қиррали Ўзбекистон – Покистон ҳамкорлигини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган Қўшма декларация ҳамда икки томонлама Олий даражадаги стратегик шериклик кенгашини тузиш тўғрисидаги баённомани имзоладилар.
Икки мамлакат етакчилари ҳузурида ташриф давомида имзоланган қуйидаги ҳужжатлар алмашилди:
– Фан, техника ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
– Дипломатик паспорт эгаларининг визасиз сафарлари тўғрисида битим;
– Ички ишлар вазирликлари ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
– Профессионал таълим соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
– Ёшларга оид сиёсат соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
– Миллий ахборот агентликлари ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
– дипломатик академиялар, Тошкент ва Лаҳор шаҳарлари ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар ва аҳдлашувлар ҳамда бошқа ҳужжатлар.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф бўлиб ўтган музокаралар якунларига изоҳ бердилар.
Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида учрашувлар самарали бўлганини алоҳида қайд этиб, ушбу тарихий ташриф Ўзбекистон – Покистон стратегик шериклигида янги саҳифа очишини таъкидлади.
Ўзбекистон Президенти кейинги йилларда икки томонлама ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётганини юксак баҳолади.
Ҳукуматлараро комиссия самарали фаолият юритмоқда, сиёсий маслаҳатлашувлар, қатор ишбилармонлик тадбирлари ва Ўзбекистон саноат кўргазмаси муваффақиятли ўтказилди.
Олий даражадаги музокаралар чоғида томонлар кўп қиррали ҳамкорликнинг янги «ўсиш нуқталари»ни белгилаб олгани, Олий даражадаги стратегик шериклик кенгашини ташкил этишга келишиб олингани таъкидланди.
Ўзаро савдо ҳажмини кескин ошириш ва номенклатурасини кенгайтириш, саноат кооперациясини кучайтириш, транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни ривожлантириш, бизнесни қўллаб-қувватлаш ва унга қулай шароитлар яратиш масалалари диққат марказида бўлди.
Глобал ва минтақавий тузилмалар, шу жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва бошқалар доирасидаги яқин алоқалар ҳамда ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришга келишиб олинди.
Афғонистонни тинч ривожлантириш, Фаластин масаласини дипломатик йўл билан ҳал этиш борасидаги позициялар яқин экани таъкидланди.
Шу билан бирга, хавфсизлик соҳасида, терроризм, трансмиллий жиноятчилик, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланиши ва бошқа замонавий таҳдидларга қарши курашиш борасидаги ҳамкорликни кенгайтиришдан икки томон ҳам манфаатдор экани билдирилди.
Музокараларда маданий-гуманитар ва туризм соҳаларидаги алмашинувни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Маданият ва санъат фестивалларини ўзаро ўтказиш, сайёҳлар оқимини, шу жумладан, «Умра плюс» дастури доирасида ошириш юзасидан келишувларга эришилди.
Сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф Ўзбекистон – Покистон бизнес форумида иштирок этдилар.
Тадбирда икки мамлакат етакчи компанияларининг 300 нафарга яқин раҳбарлари ва вакиллари иштирок этди. Покистон томонидан «Al-Rafique Enterprises,» «Mehran Dates Products», «Brighto Chemicals», «Transfopower Industries», «FWO», «T.M.C», «Pakistan Mobile», «TCS» ва бошқа кўплаб компаниялар қатнашди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида бўлиб ўтган самарали музокараларда кўп қиррали шерикликни янада кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилингани, катта режа ва вазифалар белгилаб олинганини таъкидлади. Олий даражадаги стратегик шериклик кенгашини тузишга келишиб олинди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорлик икки томонлама муносабатларнинг «локомотиви» сифатида белгиланди.
– Улкан салоҳиятга эга бўлган иқтисодиётларимиз бир-бирини тўлдиришга қодир, – деди Президентимиз.
Ўтган йил якунларига кўра, товар айирбошлаш ҳажми сезиларли даражада ошди, қатор йирик қўшма корхоналар фаолият юритмоқда. Шу жиҳатдан Ўзбекистон Покистоннинг Марказий Осиёдаги энг йирик савдо шеригига айланди.
Кейинги йилларда бизнес учун қулай шароитлар яратиш бўйича чора-тадбирлар фаол амалга оширилмоқда. Лаҳор билан авиақатновлар тикланди, рейслар сонини кўпайтириш ва парвозлар географиясини кенгайтириш режалаштирилган. Бизнес форумлари, саноат кўргазмалари ўтказилмоқда. Карачи ва Тошкент шаҳарларида савдо уйлари ташкил этилган.
Ўзбекистон – Покистон ҳамкорлиги янги лойиҳалар билан бойимоқда. «Pak Merit», «Diamond Group», «Silk-way», «Getz Pharm», «Gerbion», «NLS» ва бошқа компаниялар билан лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбари икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича қатор таклифларни илгари сурди.
Аввало, йилига камида икки марта – Ўзбекистон ва Покистонда бизнес вакилларини кенг жалб қилган ҳолда ишбилармонлик тадбирларини мунтазам ўтказиб бориш муҳимлиги таъкидланди.
Жуғрофий яқинликни ҳисобга олиб, товар айирбошлаш ҳажмини кескин ошириш, шу жумладан, амалдаги Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим доирасида товарлар номенклатурасини кенгайтириш, фитосанитария, карантин ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, банклараро ҳисоб-китоблар механизмларини такомиллаштириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Хитойни Марказий Осиё билан боғлайдиган темир йўл қурилиши бошлангани мамнуният билан қайд этилди. Келажакда ушбу стратегик йўл Покистон бандаргоҳларига олиб чиқиши мумкин, бу эса ўзаро савдо ва инвестицияларни сезиларли даражада оширишга хизмат қилади.
Саноат кооперациясини жадал ривожлантириш мамлакатларимизнинг туб манфаатларига мосдир.
Ҳудудлараро ҳамкорлик салоҳиятидан самарали фойдаланиш зарурлиги таъкидланди. Шу маънода, ҳудудлар раҳбарларининг ўзаро ташрифларини фаоллаштириш, бунда икки мамлакат ишбилармон доираларини кенг жалб этиш муҳимлиги қайд этилди.
Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф, ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар дастурини, шунингдек, бизнес юритиш учун яратилган шароитларни юқори баҳолаб, шерикликни кенгайтириш учун катта имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.
Шу билан Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шарифнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи якунланди.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбирлари