Ўзбекистон – Польша: Бизнес-омбудсманлари ҳамкорлик меморандумини имзолади
Пойтахтимизда Ўзбекистон – Польша ҳукуматлараро комиссиясининг 8-йиғилиши доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Дилмурод Қосимов ва Польшанинг Кичик ва ўрта корхоналар бўйича омбудсмани Агнешка Маевска икки ташкилот ўртасида самарали ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган меморандумни имзолади.
Икки мамлакат ўртасидаги ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, инвесторлар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича тажриба ва ахборот алмашинувини йўлга қўйиш мақсадида имзоланган ушбу меморандумда томонлар тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ҳамда соҳага оид ахборот алмашиш каби масалаларда ҳамкорлик қилиши белгиланган.

Бизнес-омбудсман Дилмурод Қосимов ўз маърузасида таъкидлаганидек, Ўзбекистонда сармоявий ва ишбилармонлик муҳитини қўллаб-қувватлаш, ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мамлакатимизда тадбиркорлик ривожига кучли туртки бўлмоқда.
Шунингдек, у Польша инвестициялар ва савдо агентлигининг Тошкентда ўз ваколатхонасини очиши икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.
Қайд этилганидек, мазкур меморандум Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга, тадбиркорлар ва инвесторлар учун қулай муҳит яратишга хизмат қилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА