Олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда стартап экотизими ривожлантирилади

220

Рақамли технологиялар вазирлигида “Мамлакатимиз олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда стартап экотизимини ривожлантириш” бўйича форум ташкил этилди.

Тадбир университетлар, стартап экотизими иштирокчилари, инвесторлар ва корпоратив сектор вакилларини бир жойга жамлади. Форум университетларни инновация ва тадбиркорлик марказларига айлантириш, талабаларни стартап фаолиятга жалб қилиш, инкубация ва акселерация дастурларини ривожлантириш ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.

Бугунги кунда стартап экотизими нафақат бизнесни ривожлантириш, балки инновацион ғояларни амалиётга жорий қилиш, рақамли иқтисодиётни кенгайтириш ва ёшларни тадбиркорлик фаолиятига тайёрлаш учун муҳим восита ҳисобланади. Шу боис, университетларнинг бу жараёнда фаол иштироки катта аҳамият касб этади.

Форум стартаплар аллеясининг ташкил этилиши билан бошланди. Бу майдонда талабаларнинг турли инновацион ғоялари ва лойиҳалари намойиш қилинди.

Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов стартапчилар билан суҳбатлашди ҳамда стартап экотизимини янада ривожлантириш бўйича тавсиялар берди. Талабаларни тадбиркорликка тайёрлаш, инкубация ва акселерация дастурларини ривожлантириш, давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигини кучайтириш бўйича таклифлар билдирди.

Форум давомида соҳанинг етакчи мутахассислари томонидан стартапларни молиялаштириш, университетларнинг экотизимга қўшаётган ҳиссаси, ҳудудларда стартап-паркларини ташкил этиш, халқаро инкубация дастурлари ва бизнес-стартаплар ҳамкорлиги каби мавзуларда тақдимотлар ва муҳокамалар бўлиб ўтди.

Мазкур форум стартап экотизимини ривожлантириш, университетлар ва бизнес ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатиш ҳамда инновацион ғояларни амалиётга татбиқ этиш учун муҳим платформа вазифасини ўтади. Бу нафақат университетлар, балки бутун мамлакатнинг инновацион тараққиётига ҳисса қўшадиган ташаббуслардан бири сифатида эътироф этилди.

Н.Раҳмонова, ЎзА