Энергетика бозорини тартибга солишда хориж тажрибаси қандай ўрин эгаллайди?

189

Энергетика бозорини самарали тартибга солиш ва стратегик бошқарув тизимини такомиллаштиришда халқаро тажриба муҳим аҳамият касб этади. Бу жараёнда ривожланган мамлакатларнинг энергия бозорини бошқаришдаги механизмлари ва регуляторлик амалиётидан ўрганиш секторни модернизация қилишга ёрдам беради.

Ўзбекистонда ҳам энергетика бозорини ривожлантириш, нарх-наво шакллантириш тизимини такомиллаштириш ва соҳадаги рақобат муҳитини кучайтириш мақсадида халқаро тажрибадан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бугун пойтахтимизда ўз ишини бошлаган “Электр энергетикаси соҳасини тартибга солишда етакчилик ва стратегик бошқарув” мавзусидаги тадбир маҳаллий мутахассислар учун халқаро тажрибани ўрганишда амалий аҳамият касб этади.

Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги ва Энергетикани тартибга солувчилар минтақавий ассоциацияси (ERRA) ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда агентлик ходимлари, электр энергетикаси корхоналарининг масъул мутахассислари, халқаро молиявий ташкилотлар вакиллари ва хорижий экспертлар иштирок этмоқда.

Унда Энергетикани тартибга солувчилар минтақавий ассоциацияси раиси Адрияна Нелкова-Чучук, Арманистон Давлат хизматларини тартибга солиш комиссияси (PSRC) комиссари Сергей Агхинян каби халқаро экспертлар ўз тажрибалари билан ўртоқлашяпти.

Қайд этилганидек, электр энергетикасини тартибга солиш ва стратегик бошқаришни такомиллаштиришда халқаро тажрибани ўрганиш муҳим ҳисобланади. Шунга асосан ташкил этилган тадбир мамлакатимизда ушбу соҳани ривожлантиришда хорижий давлатларнинг бу борада эришган ютуқларини ўрганиш имкониятини яратади.

– Халқаро амалиётдан маълумки, энергетика бозорини тартибга солишда шаффофлик, бозор механизмларини такомиллаштириш ва хусусий сектор иштирокини кенгайтириш муҳим рол ўйнайди. Шунингдек, ривожланган давлатларда тариф сиёсатини самарали йўлга қўйиш, истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш ва узлуксиз таъминотни таъминлаш каби йўналишлар устувор ҳисобланади. Ўзбекистон ҳам халқаро тажрибадан келиб чиқиб, энергетика соҳасидаги тартибга солиш механизмларини такомиллаштиришга эътибор қаратмоқда. Бу жараёнда бозорнинг рақобатбардошлигини ошириш, инновацион технологиялардан фойдаланиш ва стратегик бошқарувни кучайтириш талаб этилади. Халқаро ҳамкорлик эса соҳадаги ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишда асосий омиллардандир. Бугунги тадбир маҳаллий иштирокчиларнинг айнан шу масалада назарий ва амалий билимини бойитишда қўл келади, – деди агентлик матбуот хизмати раҳбари Бунёд Абдуллаев.

Уч кун давом этадиган тадбирда энергетика бозорини тартибга солиш механизмлари, электр энергияси нархларини шакллантириш, бозорда рақобат муҳитини ривожлантириш ва стратегик бошқарув масалалари муҳокама қилинади. Шунингдек, иштирокчилар халқаро тажриба асосида соҳадаги муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан фикр алмашади.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА