Янги парламент билан 100 кун: таҳлил ва сарҳисоб
Бугун, 26 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг янги таркибда иш бошлаганига 100 кун тўлди.
Хўш, ўтган давр мобайнида парламент қуйи палатаси фаолияти қандай кечди? Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг биринчи мажлисидаги нутқида илгари сурилган қатор таклиф ва ташаббуслар ижроси қай даражада бажарилмоқда? Янги таркиб депутатлар фаолиятида ўсиш, жонланиш кузатиляптими? Қонун ижодкорлиги ва парламент назорати фаолиятида қандай натижаларга эришилмоқда?
Аввало, шуни қайд этиш лозимки, 2024 йилги сайловлар натижасида Қонунчилик палатаси таркиби қарийб 60 фоизга янгиланиб, 87 нафар янги депутат сайланди. Депутатларнинг 11 нафари – 7,5 фоизи 35 ёшгача бўлган ёшлардир. Жумладан, илк бор Ёшлар парламентининг 2 нафар вакили Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланди.
Айниқса, депутатларнинг 38 фоизи ёки 57 нафарини аёллар ташкил этгани минтақадаги энг юқори кўрсаткич сифатида қайд этилди. Бу эса хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги иштироки кучайгани, жамият ривожидаги ўрни ортиб бораётганидан далолатдир.
Шунингдек, парламент тарихида илк бор ногиронлиги бўлган фуқаро Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланди. Бу эса Президентимиз қайд этганидек, парламентимизни том маънода инклюзив органга айлантириб, ушбу қатлам манфаатларини янада кенг ифода этиш имконини беради.

Маълумки, ўтган сайлов биринчи маротаба аралаш тизим асосида ўтказилиб, 75 нафар депутат илк бор партиявий рўйхатлар асосида сайланди. Бу эса сиёсий партияларнинг жамиятдаги ролини мустаҳкамлаш, партиявий ғоя ва мақсадлар устуворлигини таъминлашга, уларнинг парламентдаги иштирокини кенгайтиришга хизмат қилди.
Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарори билан палата ишини самарали ташкил этиш бўйича “Йўл харитаси” ҳамда Ҳаракатлар дастури тасдиқланди. Дастурда 8 та устувор вазифа акс этган бўлиб, шу асосда фаолият олиб борилмоқда.
Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи мажлисидаги нутқида “Янги даврда парламент чинакам халқ уйи, унинг қуйи палатаси эса ғоялар генераторига, соғлом рақобат, баҳс ва мунозаралар майдонига айланиши керак”, дея алоҳида қайд этган эди.
100 кунлик фаолият давомида фракция ва қўмиталар йиғилишларида, Қонунчилик палатасининг мажлисларида оммавий ахборот воситаси вакили сифатида иштирок этиб, шунга гувоҳ бўляпмизки, ҳеч бир масала шунчаки кўрилмаяпти, эътиборсизларча маъқулланмаяпти – қизғин баҳс-мунозара, тортишув, фикр-мулоҳазалар асосида муҳокама қилиняпти, қарама-қарши фикрлар билдирилмоқда, ҳукумат вакиллари олдига ўткир савол ва эътирозлар кўндаланг қўйилмоқда. Амалиётдан келиб чиқиб, ҳаётий таклиф-тавсиялар илгари сурилмоқда. Бир нечта қонун лойиҳалари турли эътироз ва саволлар важидан масъул қўмиталарга қайтарилди.
Президент ўз нутқида қонун ижодкорлиги жараёни, аввало, жамиятимиздаги долзарб муаммолар ечимига, халқимизнинг оғирини енгил қилишга қаратилиши кераклигини алоҳида таъкидлаган эди. Дарҳақиқат, халқ вакиллари ҳар бир қонун лойиҳасининг баҳсли жараёнларида ушбу омилга эътибор қаратиб, халқ манфаатларини ифода этишга интилмоқда. “Амалиётда қандай эдию, қонун қабул қилинса, нима ўзгаради, қандай енгиллик бўлади?”, деган саволлар атрофида муносабат билдиришга ҳаракат қилмоқда. Ҳар бир қонун лойиҳаси бўйича, шу билан бирга, мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий-ижтимоий, иқтисодий жараёнлар юзасидан халқ вакилларининг муносабати тезкорлик билан баён қилинмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан ташаббус қилинган“Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси 10 кун давомида жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Жамоатчилик муҳокамаси жараёнида аҳолидан 400 дан ортиқ изоҳлар, таклиф ва тавсиялар келиб тушди. 270 дан ортиғи Концепция лойиҳаси юзасидан ижобий фикрга асосланган. Юртимиздаги 16 та конфессия вакиллари иштирокида концепция лойиҳаси муҳокамасига бағишланган учрашув ташкил этилиб, конфессиялар вакилларининг фикрлари олинди. Давлатчилигимиз ривожининг бой миллий-тарихий тажрибасига ва умуминсоний қадриятларга таянган ҳолда ишлаб чиқилган мазкур Концепция юртимизда тинчлик-осойишталикни, миллатлараро тотувликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Энди 100 кунлик рақамларга тўхталсак: шу пайтгача Қонунчилик палатасининг 23 та ялпи мажлиси ўтказилди. Унда 48 та қонун қабул қилинди ва Сенатга юборилди. Сайлов округларида 823 та учрашув ўтказилди. Қонунчилик палатаси Кенгаши, сиёсий партиялар фракциялари ва қўмиталарнинг 300 дан ортиқ турли форматдаги тадбирлари ўтказилди. Муҳим масала ва муаммоларга оид 42 та депутат сўрови юборилди. 1 минг 600 дан ортиқ мурожаатлар кўриб чиқилди.
Муаммоларни ҳал этиш самарадорлиги оширилди. Фуқаролик жамияти институтлари билан мулоқот кучайтирилди. Қуйи палатадаги 12 та қўмита ўрнида 10 та янгиланган қўмита ташкил қилинди. Депутатлар жойларда аниқлаган муаммоларни тез ва самарали ҳал қилиш мақсадида ҳукумат, вазирлик ва идоралар билан Қонунчилик палатаси қўмиталари ўртасида тизимли ҳамкорлик йўлга қўйилди.
Қонунчилик палатаси қўмиталари ҳузурида Жамоатчилик кенгашлари ташкил этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Янги комиссиялар – Қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти битимларига уйғунлаштириш бўйича комиссия, Қонунчилик палатасининг Иқлим ўзгариши оқибатларини камайтириш ва “яшил“ иқтисодиётга ўтишни тезлаштириш масалалари бўйича комиссия, Қонунчилик палатасининг Жамоавий ташаббуслар бўйича комиссияси тузилди.
Президент нутқида илгари сурилган масала – “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурининг жойлардаги ижроси ўрганилмоқда. Ўзбекистоннинг ташаббуслари асосида БМТ Бош Aссамблеяси томонидан қабул қилинган резолюцияларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти сайловчиларга етказилмоқда.
Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи мажлисидаги нутқида шундай деган эди: “депутатнинг овози – бу халқ овози эканини ҳеч қачон унутмаслигимиз зарур. Юрт тақдирига дахлдор ҳар бир масалага ёндашувда аввало, сизларга ишонган, сизларга ўз номидан қонун қабул қилиш, қарор чиқариш ҳуқуқини берган меҳнаткаш, бағрикенг ва олижаноб халқимизни кўз олдингизга келтириб, фақат бугунни эмас, келажак авлодларнинг тинчлиги ва бахт-саодатини ўйлаб иш тутсангиз, эл-юртимиз ҳам, яратган Парвардигор ҳам сизлардан рози бўлади”.
Дарҳақиқат, бугун янгиланган парламентнинг ҳар жабҳадаги фаолияти эътиборга молик. Жонли баҳс-мунозара ва тортишувлар асосида ўтаётган мажлисларда халқимизни рози қилишга қаратилган масалалар ҳал этилмоқда. Халқ номидан сўз юритиш имконига эга ноиблар уларнинг манфаатларини ҳимоялаш илинжида тиним билишмаяпти. Янги таркибнинг илк фаолият кунлариданоқ ўз фикри, ўткир ташаббус ва таклифлари билан кўзга кўринган, жонкуяр депутатларнинг кўплиги парламентимиз ривожи ҳамда халқимиз фаровонлигини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Зеро, халқ вакили деган номга муносиблик бедорликни, фаоллик ва ташаббускорликни талаб этади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА