“Олтин қалам” танловида янги номинация ташкил этилмоқда

196

Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси йиғилиши бўлиб ўтди.

Таъкидлаш жоиз, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси, 2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 26 августдаги фармони билан Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди қайта ташкил этилган эди.

Ушбу фармон билан Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси ва Жамоат фонди олдига фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан янгича тизимда қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим вазифалар белгилаб берилган.

Йиғилишда Жамоат фондининг 2024 йилдаги фаолияти таҳлил этилиб, жорий йилдаги фаолиятининг устувор йўналишлари муҳокама қилинди. Таъкидланишича, жорий йилда фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янгича тизими жорий этилмоқда. Масалан, Парламент комиссияси аъзолари ва Жамоат фонди вакилларидан иборат ишчи гуруҳнинг ҳудудларга бориб, аҳоли билан мулоқотлар ташкил этган ҳолда уларнинг эҳтиёжларини ўрганиб, муаммоларнинг манзилли ва самарали ечимига қаратилган танловларни эълон қилиш режалаштирилмоқда.

Танловларнинг очиқлиги ва жараёнларнинг тезкорлигини таъминлаш мақсадида эса давлат ижтимоий буюртмаси ва грантларини ажратиш билан боғлиқ барча жараёнлар ngo.gov.uz ягона электрон платформасида амалга оширилади.

Эндиликда, ушбу платформа орқали номзод ташкилотнинг лойиҳани топшириши, Парламент комиссияси томонидан кўриб чиқиш ва баҳолаш жараёнларини кузатиб бориш, муҳокамаларда эса бевосита иштирок этиш имконияти ҳам мавжуд.

Шунингдек, 2024 йил 1 октябрдан 2027 йил 1 октябрга қадар Жамоат фонди маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича белгиланган солиқ ставкалари 50 фоизга, 2025 йил 1 январдан ногиронлиги бўлган шахслар, фахрийлар, хотин-қизлар ҳамда болалар жамоат бирлашмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун белгиланган давлат божлари миқдори икки бараварга камайтирилди. Жамоат фондининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги алоҳида бўлинмалари ташкил этилди. “Фуқаролик ташаббуси” миллий мукофоти, анъанавий “Олтин қалам” танловида фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини ёритиш йўналишида янги номинация ташкил этилмоқда.

Йиғилиш якунида Парламент комиссияси томонидан «Ўзбекистон – 2030” стратегияси, 2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси, “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил» иқтисодиёт йили» Давлат дастурида кўзда тутилган вазифаларни амалга оширишда муҳим ташаббус ва лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор дастурлар қабул қилинди.

Н.Раҳмонова, ЎзА