Машинани ишончнома асосида бошқарган шахс қоида бузса, балл ҳайдовчига ҳисобланадими ёки машина эгасига? (+видео)

АОКАда Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати раҳбарияти иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Унда «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қонун мазмун-моҳияти тўғрисида маълумот берилди (Тез орада қонун бўйича алоҳида материал эълон қилинади).
Қайд этилишича, жарима баллари 12 баллдан ошса, ҳайдовчи транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади.
ЎзА мухбири масъуллардан машинани ишончнома асосида бошқарган шахс қоида бузса, балл кимга ҳисобланишини сўради.
— ЙПХ инспекторлари расмийлаштирилган маъмурий баённомалар юзасидан балл ҳисобланади. Бу дегани машинани ишончнома билан бошқарган шахс ҳуқуқбузар ҳисобланади. Ўша ҳуқуқбузар томонидан содир этилган қоидабузарлик юзасидан балл ҳисобланади, — дейди ЙҲХХ инспектори, подполковник Азизбек Раҳматуллаев. – Ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этилганидан кейин умумий тартибда қайта ҳайдовчилик гувоҳномаси олинади. Қонунда белгилаб қўйилганидек, ҳуқуқбузар 6 ой муддатга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилади. Бу 6 ойдан 3 йилгача бўлиши мумкин.
Маълум қилинишича, 2024 йилда 20 миллиондан ортиқ қоидабузарлик содир этилган бўлиб, улардан тушган жарима маблағлари 1 трлн сўмдан ошган. Бу маблағлар давлат бюджетига тушади ва асосан йўл таъмирлашга ишлатилади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА