Ўзбекистон ва Чехия кончилик саноатида ҳамкорликни кенгайтирмоқда

181

Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигида Чехиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Любомир Фреборт бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

Музокаралар чоғида икки давлат ўртасида кончилик ва геология соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар ишлаб чиқариш қувватларини ошириш ва янги технологияларни жорий этиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади.

Шунингдек, маҳаллийлаштириш дастури доирасида Чехия компаниялари билан ҳамкорликда замонавий ускуналар ишлаб чиқариш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу йўналишда тажриба ва инновация алмашиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Учрашувда чех компаниялари Ўзбекистондаги кончилик соҳасига инвестиция киритишдан манфаатдор эканини билдирди. Шу муносабат билан истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифлар ўртага ташланди.

Томонлар ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш ва истиқболда янги келишувларни имзолаш юзасидан келишиб олди.         

Н.Зиёдуллаева, ЎзА