“Ўзбекнефтгаз” ва “Halliburton” нефть-газ соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга оширади

“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва АҚШнинг йирик нефтсервис компанияларидан бири – “Halliburton” вакиллари ўртасида ишчи учрашув бўлиб ўтди.
Унда томонлар нефть ва газ конларида замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда қазиб олиш самарадорлигини ошириш масалаларини муҳокама қилди.
Қайд этилганидек, “Halliburton” компанияси АҚШнинг Техас штати Хьюстон шаҳрида жойлашган бўлиб, дунёдаги энг йирик нефтсервис корпорациялари қаторига киради. Компания углеводород хомашёсини қидириш, бурғилаш ва қазиб олиш, шунингдек, конларни ўзлаштириш самарадорлигини ошириш бўйича илғор технологияларни таклиф этади.
Музокараларда асосий эътибор Ўзбекистонда газ конларини қидириш ва қазиб олиш жараёнида янги технологияларни татбиқ этишга қаратилди. Жумладан, сейсмик қидирув, геологик-геофизик таҳлил ва рақамли моделлаштириш усулларини жорий этиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Шунингдек, қайта тиклаш қийин бўлган захираларни ўзлаштириш, қудуқларни бурғилаш ва тугатиш технологияларини такомиллаштириш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Ушбу ёндашув Ўзбекистонда углеводород ресурсларидан янада самарали фойдаланиш имконини беради.
Учрашувда “Halliburton” компанияси ўз технологияларини Ўзбекистонда маҳаллийлаштириш истиқболларини муҳокама қилди. Шунингдек, нефть-газ саноати учун мутахассислар тайёрлаш, ўқув дастурлари ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифлар билдирилди.
Жамият ахборот хизматига кўра, томонлар ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқишга келишиб олди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА