Муаммолар ижобий ҳал қилинмоқда

190

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Алишер Джуманазаровнинг Нукус тумани “Намунали макон” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси билан ўтказган учрашувида 19-сонли мактаб директори ўринбосари Азат Ташполатов таълим муассасаси атрофини кўкаламзорлаштириш ҳамда экилган дарахт кўчатларини суғориш учун сув манбаи йўқлиги сабабли артезиан қудуғини қаздириб, сув насоси олиб беришда амалий ёрдам сўраган эди.

Мурожаат ўрганиб чиқилиб, депутат ташаббуси билан эртаси куни ижобий ҳал этилди. Эрта тонгдан техникалар ва барча зарур асбоб-ускуналар олиб келиниб, бурғилаш ишлари бошланди. Кун охиригача сув насоси ўрнатилиб, ҳозирда кўкаламзор майдонга ҳеч бир муаммосиз сув чиқарилмоқда.

– Ўтган йилги сайлов олдидан бўлиб ўтган учрашувда ЎзЛиДеП партиясидан кўрсатилган номзод Алишер Джуманазаров аҳоли билан мулоқот қилишга, мунтазам равишда уларнинг ҳолидан хабар олишга, муаммоларимизни имкон қадар ҳал қилишга ваъда берган эди, – дейди мактаб директори ўринбосари Азат Ташполатов. – “Ваъда эмас, натижа, эртага эмас, бугун!” шиорини амалиётда тасдиқлаётган депутатлар оддий халқнинг муаммоларини жойларга чиққан ҳолда ҳал қилмоқда. Мактабимизга бепул сув насосини ўрнатиб, мушкулимизни осон қилганлиги учун партияга ва ҳудуддан сайланган депутатимизга миннатдорлик билдирамиз.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири