Туркия Украинани қайта тиклашда иштирок этади
Украина Туркияга 2025 йил мамлакатни қайта тиклаш бўйича лойиҳалар жамланмасини топширди. Ушбу маълумотни Туркия ҳукуматига яқин “Turkiye” газетаси ошкор қилди.
Аввалроқ Президент Режеп Таййип Эрдоған турк компаниялари уруш оқибатида юзага келган вайронагарчиликни бартараф этиш, мамлакатни қайта қуришда Украинани қўллаб-қувватлашга тайёрлигини маълум қилганди.
– Уруш пайти айрим ҳудудлари жиддий жабр кўрган Украинани тиклаш бўйича саъй-ҳаракат тезлашди, – деб ёзган нашр. – Украина Туркия томонига 2025 йил бажарилиши мўлжалланган режани топширди. Апрель, май ойларида шошилинч лойиҳалар бўйича тендер эълон қилинади.
Қайд этилишича, йўллардаги мавжуд божхона манзилларини таъмирлаш, янгиларини қуриш, пулли автомобиль йўллари давлат тизимини яратиш устувор ҳисобланади. Ҳужжатга энергия самарадорлиги, ижтимоий уй-жой ва сув таъминоти соҳаларидаги лойиҳалар ҳам киритилган.