“Яшил” ўсиш ва давлат молиясини бошқаришнинг муҳим омиллари

172

Бугун пойтахтимизда Ўзбекистон мамлакат платформасининг навбатдаги давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги ва Европа Иттифоқининг мамлакатимиздаги делегацияси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда маҳаллий ва хорижий экспертлар, қатор вазирликлар, халқаро молия ташкилотлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Унда Стратегик ислоҳотлар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Абдулла Абдуқодиров, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар ва бошқалар  “яшил” ўсиш,  давлат молиясини бошқариш ва қишлоқ хўжалиги секторини субсидиялаш бўйича баҳолаш ишлари мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Айтиш жоизки, Ўзбекистон Мамлакат платформаси Стратегик ислоҳотлар агентлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан  ҳамда Европа Иттифоқининг котибияти кўмагида ташкил этилган. У “Ўзбекистон-2030” стратегиясини амалга оширишда ҳукумат ва халқаро ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни мувофиқлаштиришда муҳим механизм бўлиб хизмат қилади. Мамлакат платформаси ҳукуматнинг асосий вазирликлари ҳамда стратегик ислоҳотлар ва инвестициянинг устувор йўналишлари бўйича ҳамкорларни бирлаштирувчи 13 та сектор ишчи гуруҳи орқали фаолият юритади.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда барқарор иқтисодий ўсишга қаратилган  ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бунда “яшил” иқтисодиётни рағбатлантиришда фискал шаффофлик, натижага асосланган молиялаштириш тизими ҳамда давлат молиясини бошқариш муҳим ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, тадбирда масъуллар 2025-2030 йилларга мўлжалланган Давлат молиясини бошқариш тизимини такомиллаштириш стратегияси бўйича олиб борилаётган ишлар ҳамда молиялаштириш жараёнини рақамлаштириш, атроф-муҳит ва гендер тенглиги тамойилларига асосланган молиялаштириш каби устувор йўналишларда амалга оширилган ишларга тўхталиб ўтди.

Стратегик ислоҳотлар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Абдулла Абдуқодировнинг сўзларига кўра, Мамлакат платформасининг асосий мақсади ислоҳотлар бўйича мулоқотни давом эттириш ва халқаро  ҳамкорликларни мувофиқлаштиришга қаратилган.

– Бу жараён мамлакатимиз Президенти томонидан белгилаб берилган иқтисодий ва ижтимоий сиёсатни самарали амалга оширишга хизмат қилади. Ушбу мақсадга муваффақиятли эришиш учун Мамлакат платформаси ҳукумат томонидан бериладиган янада самарали маъмурий қўллаб-қувватловга муҳтож. Бунинг учун биз платформанинг бошқаруви, ишчи гуруҳлари ва котибиятининг роллари, уларнинг ваколатлари ва мажбуриятларини янада аниқ белгилаб олишимиз лозим. Шу сабабли,  Стратегик ислоҳотлар агентлиги ушбу масалаларни ҳал қилиш мақсадида махсус Президент фармони лойиҳасини ишлаб чиқмоқда, – деди Стратегик ислоҳотлар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари А. Абдуқодиров

Шунингдек, тадбирда халқаро ҳамкорлар номидан Осиё тараққиёт банки ушбу йўналишларда эътиборга молик кўмак кўрсатаётгани ҳамда давлат молиясини бошқаришнинг умумий тизимини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси мамлакатда қишлоқ хўжалигини субсидиялаш тизими бўйича ОТБ, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги иштирокида амалга оширилган ўрганиш натижаларини тақдим этди.

Унга кўра, Ўзбекистон ҳукуматига субсидиялардан қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларни жадаллаштиришда қандай фойдаланиш мумкинлиги, ислоҳотларнинг давлат бюджетига таъсири ҳамда мамлакатнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш натижалари ҳақида асосли муҳокамалар олиб бориш имконини беради.

– Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасидаги субсидияларга нисбатан янада стратегик ёндашувга эҳтиёж сезади, – деди Европа Иттифоқининг мамлакатимиздаги элчиси Тойво Клаар. – Стратегик ёндашув субсидияларнинг ислоҳотларни рағбатлантиришдаги самарадорлиги ҳамда уни амалга ошириш жараёнида тежамкорликни кафолатлаши зарур. Кўзланган мақсад ушбу субсидияларни бозор тамойилларига асосланган, халқаро миқёсда рақобатбардош, турли соҳаларни қамраб олувчи, экологик жиҳатдан барқарор, иқлим ўзгаришларига мослашувчан ва ижтимоий жиҳатдан инклюзив аграр озиқ-овқат секторини ривожлантиришга ҳисса қўшадиган даражага етказиш бўлиши лозим.

Тадбир якунида кўриб чиқилган масалалар юзасидан галдаги режалар белгилаб олинди.

Насиба Зиёдуллаева,  Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА