Хайрия фаолиятини янада самарали ташкиллаштириш чоралари белгиланмоқда

153

2025 йил 25 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ҳомийлик фаолиятини амалга ошириш тартибини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Ҳозирги кунда ҳомийлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи ҳар бир жисмоний ва юридик шахсга тақдим этилганлиги, шунингдек, ҳомийлик хайрияларини йиғиш тартибининг қонунчиликда аниқ белгиланмаганлиги сабабли айрим ғараз ниятли шахслар томонидан фуқароларнинг ишончига кириб, уларнинг пул маблағлари ва мол-мулкини асоссиз қўлга киритиш ҳолатлари кўп учрамоқда.

Бу эса, ўз навбатида, ҳомийлик фаолияти билан қонуний тарзда шуғулланувчи ташкилотларга бўлган ишончнинг сусайишига олиб келмоқда.

Бундай тенденция жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш бўйича хавф-хатарларнинг ошишига, қолаверса, Жаҳон хайрия индексида Ўзбекистон позициясига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Мазкур қонуннинг қабул қилиниши ҳомийлик хайрияларини йиғиш тартибини бузишнинг олдини олишга, ҳомийлик ташкилотлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлашга ҳамда ҳомийлик ташкилотларига нисбатан фуқароларнинг ишончини ортишига хизмат қилади.

Унга кўра, ҳомийлик хайрияларини нақд пул шаклида йиғиш фақат хайрия қутиси ёрдамида ҳамда ҳомийлик ташкилотлари, ҳомийликни амалга оширувчи ёки олувчи юридик шахсларнинг банк ҳисобварақларига қонунчиликда белгиланган тартибда пул ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

Ҳомийлик хайриялари мол-мулк шаклида йиғилган тақдирда қабул қилиб олинган мол-мулк рўйхати шакллантирилиб, унинг тури, миқдори (ҳажми) кўрсатилган ҳолда далолатнома тузилади.

Ҳомийлик хайрияларини йиғиш жараёнлари оммавий ахборот воситалари, расмий веб-сайтлар ёки ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларда эълон қилинади ва солиқ ҳисоботларида акс эттирилади.

Жисмоний шахслар ҳомийлик хайрияларини нақд пул ёки мол-мулк шаклида фақат ўзи ёки яқин қариндошлари учун йиғиши мумкин бўлади. Кўнгиллилар эса ўзига бегона бўлган ҳомийлик олувчиларга фақат эълон бериш орқали кўмаклашиши белгиланмоқда.

Ҳужжатда хайрия қутиси тушунчаси, уни ўрнатиш ва ундан фойдаланиш тартиби ҳам келтирилган. Яъни хайрия қутиси фақат ҳомийлик ташкилотлари, ҳомийликни амалга оширувчи ёки олувчи юридик шахслар томонидан ўрнатилади.

Хайрия қутиси нақд пул шаклидаги хайрияларни йиғиш учун мўлжалланган шаффоф идиш, уни очиш жойи ваколатли шахслар томонидан имзоланган, муҳрланган ёки пломбаланган бўлиши керак.

Хайрия қутисини очиш, хайрияни ҳисоблаш жараёни хайрия ташкилотчисининг ваколатли вакили ва камида икки нафар гувоҳ иштирокида амалга оширилади.

Хайрия қутисидаги маблағлар у очилган кунда ёки кейинги иш куни ичида тегишли банк ҳисобрақамига кирим қилинади. Қонунда хайрияларни йиғиш ва хайрия қутиларини ўрнатиш тартибини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик ҳам белгиланмоқда.

Шунингдек, қонуннинг 14-моддаси ҳомийлик олувчиларнинг қонунчиликда белгиланган бошқа ёрдам турларидан, тўловлар ва имтиёзлардан фойдаланишини чеклаш ёки тўхтатиш учун асос бўлмаслиги ҳақидаги қисм билан тўлдирилмоқда.

ЎзА