Ўзбекистон тажрибаси дунё мамлакатларига намуна сифатида кўрсатилмоқда –Божхона қўмитаси

166

Жаҳон божхона ташкилотининг Брюсселдаги Бош штаб квартирасида Жаҳон божхона ташкилоти Минтақавий тузилмаларининг 20-чи Глобал йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда Божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, тадбирда дунёнинг ташкилотга аъзо 186 давлатидан 400 дан ортиқ вакиллар бевосита ва билвосита иштирок этмоқда.

Халқаро форумда Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси номидан Миллий кинология маркази директори Фаррух Қаҳҳоров онлайн тарзда ўз тақдимоти билан чиқиш қилди.

Тадбирнинг аҳамияти шундаки, тарихда илк бор Ўзбекистон божхонасининг тажрибаси намуна сифатида дунё давлатлари эътиборига Жаҳон божхона ташкилотидан туриб, намуна сифатида кўрсатилмоқда.

Шунингдек, Миллий кинология маркази фаолияти ҳақида тайёрланган видеоролик халқаро тадбир иштирокчиларига намойиш қилинди.

Глобал форумда Ўзбекистон билан бир қаторда божхона соҳасида илғор тажриба ва ютуқларни қўлга киритган Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Африка Республикаси, Корея, Япония каби давлатлар ҳам ўз тажрибаларини ўртоқлашади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда Жаҳон божхона ташкилотининг минтақавий мақомини қўлга киритган 2 та муассаса – Божхона қўмитасининг Миллий кинология маркази ва Марказий божхона лабораторияси фаолият юритади.

Ш.Маматуропова, ЎзА