Давлат харидларини корпоратив банк карталари орқали амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди

180

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Давлат харидларини корпаратив банк карталари орқали амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, Давлат харидларини корпоратив банк карталари орқали амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомда:

хизмат сафарлари, шу жумладан, транспорт ва яшаш харажатлари учун тўловларни амалга ошириш;

бензин, суюлтирилган ва сиқилган газ, авиа ва дизель ёқилғисида ҳаракатланувчи транспорт воситаларига ёқилғи қуйиш, электромобилларни электр энергияси билан қувватлантириш билан боғлиқ харидлар тартиби белгилаб берилган.

Қарорда 2025 йил 1 июлга қадар давлат харидлари махсус ахборот порталида корпоратив банк карталари орқали амалга ошириладиган давлат харидларининг ҳисобини юритиш имконини берувчи алоҳида ахборот тизимини яратиш ҳамда унинг тегишли вазирлик ва идоралар ахборот тизимлари билан интеграция қилиниши кўрсатиб ўтилган.

Ушбу низом қабул қилингани муносабати билан Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 24 июндаги 345-сон қарори билан тасдиқланган Таъсисчиси бюджет ташкилотлари бўлган унитар корхоналарга ғазначилик орқали хизмат кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомга тегишли ўзгартиришлар киритилади.

Маълумот учун: 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат харидлари тизимини такомиллаштириш ва унда кичик тадбиркорлик субъектлари иштирокини рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2024 йил 10 июлдаги ПҚ-249-сон Қарорининг 6-бандида давлат буюртмачилари томонидан корпоратив банк карталаридан (“харид карталари”) фойдаланган ҳолда, харидларни амалга ошириш тартибини ишлаб чиқиш белгиланган эди.

ЎзА