Беруний ва Ибн Сино ўртасида илмий ёзишмалар бўлганини билармидингиз?

228

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида буюк алломалар Абу Райҳон Беруний ва Абу Али ибн Сино ўртасидаги илмий ёзишмаларни экспозицияда намойиш этиш режалаштирилган. Бу ёзишмалар Х аср охирида юз берган илмий мулоқотлар бўлиб, астрономия, фалсафа ва физика соҳаларидаги мураккаб масалаларни қамраб олади.

Беруний ва Ибн Сино ўз замонасининг йирик олимлари сифатида илмий мунозаралар олиб борган. Ибн Сино Берунийнинг саволларига жавоб йўллаган, бироқ баъзи масалаларда эътироз билдирган. Бу ёзишмаларнинг муҳим жиҳати шундаки, улар Аристотелнинг “Осмон ҳақида китоб“ асари ва физика қонунларини чуқур таҳлил қилишга асосланган.

Ёзишмаларнинг қўлёзмалари жаҳон фондларида сақланиб, илк марта 1917 йили Қоҳирада “Жомиъ ул-бадоиъ“ тўпламида чоп этилган. 1950 йили эса ушбу ёзишмалар ўзбек, араб ва рус тилларида алоҳида китоб шаклида нашр этилган. Кейинчалик 1953 йилда Истанбул университети томонидан нашр қилинган “Ибн Сино рисолалари“ тўпламида ҳам ўрин олган.

Тарихий ҳужжатлар жаҳон фондларидан йиғилиб, қўлёзмаларнинг факсимиль нашри тайёрланади. Бу манбалар асосида Беруний ва Ибн Сино ёзишмалари Ислом цивилизацияси маркази экспозициясига киритилиши режалаштирилган.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази мазкур экспозиция орқали буюк аждодларимизнинг илм-фанга қўшган ҳиссасини янада чуқурроқ ўрганиш ва жамоатчиликка тақдим этишни мақсад қилган.

ЎзА