Гандбол спорт турини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди

196

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 13 февраль куни Олимпия ва паралимпия ҳаракатини янги босқичга олиб чиқиш, оммавий спортни янада ривожлантириш ҳамда аҳолининг жисмоний фаоллигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш спорт ташкилотлари олдида турган долзарб вазифа саналади.

Ўзбекистон гандбол федерацияси конференциясида мазкур вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.

Конференцияда Ўзбекистон гандбол федерациясининг янги таҳрирдаги устави тасдиқланди. Федерация раёсати ва ижроия қўмитаси аъзолари, назорат-тафтиш комиссияси раисини ҳамда раис ўринбосарларини сайлаш ҳамда ҳудудий вакиллар таркибини тасдиқлаш масалалари кўриб чиқилди.

Йиғилиш якунида гандбол федерациясининг истиқболдаги режалари белгилаб олинди. Билдирилган фикрлардан келиб чиқиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича масъулларга аниқ вазифалар юкланди.

Т.Рўзиев, ЎзА