Ички туризм ривожланишида қандай омиллар муҳим?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти мутахассислари ички туризмнинг ривожланишини баҳолашга қаратилган офлайн сўров ўтказди.
Унда барча вилоятлар, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳридан 3172 нафар респондент иштирок этди. Натижаларга кўра, мамлакатимизнинг тўртта ҳудуди – Самарқанд (13,4 фоиз), Бухоро (9,6 фоиз), Тошкент (10,6 фоиз) вилоятлари ва Тошкент шаҳри (16,8 фоиз) ички туристик оқими энг юқори ҳудудлар ҳисобланади. Сирдарё вилояти (1,0 фоиз) эса энг паст кўрсаткичга эга.
Респондентларнинг 63,8 фоизи йилда бир марта, 9,8 фоизи ҳар уч ойда бир марта, 1,9 фоизи ойига камида бир марта саёҳат қилишини билдирган. Умуман саёҳат қилмайдиганлар улуши эса 23,4 фоизни ташкил этади. Мамлакат бўйлаб саёҳат қилувчилар асосан шахсий автомобилидан фойдаланади. Ички сайёҳларнинг 27,8 фоизи таксини, 12,2 фоизи поездни, 7,3 фоизи самолётни афзал кўради.
Тунаш учун респондентларнинг 58,5 фоизи меҳмон уйларини, 27,3 фоизи меҳмонхоналарни, 10,9 фоизи хостелларни, 3,2 фоизи эса чодирларни танлайди.
Саёҳатга чиқишга тўсқинлик қилувчи омиллар ҳақида сўралганда, 36,4 фоизи ҳеч қандай тўсиқ йўқлигини айтган. Сўров натижаларига кўра, ички сайёҳларнинг 22,8 фоизи зиёрат мақсадида сафарга чиқади. 15,7 фоиз маданий-маърифий туризмни, 14 фоиз оилавий туризмни, 11 фоиз тоғ курортларини, 9,7 фоиз хизмат сафарларини, 7,5 фоиз таълим ва талабалар алмашинувини, 3,9 фоиз экотуризмни афзал билади.
Иштирокчиларнинг 61,6 фоизи саёҳатлар учун чегирмалар жорий этилиши, 15,1 фоизи ижтимоий эҳтиёжмандлар учун махсус пакетлар ташкил қилиниши кераклигини билдирган. 9,3 фоиз саёҳат учун кредитлар беришни, 5,1 фоиз эса янги туризм йўналишлари ташкил этишни таклиф қилган.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА