БМТ Украина масаласида иккита резолюция қабул қилди

Украинадаги зиддиятга уч йил тўлиши муносабати билан БМТнинг Нью-Йоркдаги қароргоҳида ушбу мамлакатдаги вазият бўйича 11-махсус фавқулодда сессия ўз ишини бошлади. Унда Украина ва АҚШ ўзларининг резолюция лойиҳаларини овозга қўйди. Бош Ассамблея иккала ҳужжатни ҳам қабул қилган.
Украина ҳужжати учун 93 давлат овоз берган, 18 давлат қарши чиқиб, 65 давлат бетараф қолган. Қўшма Штатлар версиясини 93 давлат қўллаб-қувватлади, саккизтаси қарши овоз берди ва 73 давлат бетараф қолди.
Америка томони тақдим этган резолюция лойиҳаси Европа Иттифоқи томонидан таклиф қилинган учта тузатиш билан қабул қилинди.
Қабул қилинган тузатишлардан бирида резолюцияга “Украинанинг суверенитети, мустақиллиги, бирлиги ва унинг ҳудудий сувларигача бўлган халқаро тан олинган чегаралари доирасидаги ҳудудий яхлитлигига содиқлигини” тасдиқловчи сўзларни қўшиш таклиф қилинган.
ЕИ томонидан тасдиқланган бошқа тузатишга кўра, “Украина ва Россия ўртасидаги мустаҳкам тинчлик” сўзлари “БМТ Низоми ҳамда давлатларнинг суверен тенглиги ва ҳудудий яхлитлиги тамойилларига мувофиқ Украина ва Россия Федерацияси ўртасида адолатли, узоқ муддатли ва кенг қамровли тинчлик” сўзлари билан алмаштирилди.

АҚШ лойиҳасига тузатишлар Франциянинг БМТдаги доимий вакили Николя де Ривьер томонидан тақдим этилган. У шунингдек, делегацияларни Украина таклиф қилган ҳужжатни қўллаб-қувватлашга чақирган.
Украина ташқи ишлар вазири ўринбосари Маряна Беца овоз беришдан олдин Бош ассамблея минбаридан туриб мамлакатларни БМТ Низомига содиқ қолишга чақирди.
– Биз тарихий лаҳзаларни бошдан кечирмоқдамиз ва бугун қабул қилинган қарорлар Украина, Европа ва бутун инсоният келажагини белгилаб беради, -деди у.
Украина ҳужжатида аввалги резолюцияларга ишора қилиниб, Россия ўз қўшинларини ушбу ўлка ҳудудидан тўлиқ олиб чиқиб кетиш чақириғи такрорланади. Ҳужжат муаллифлари БМТ Низоми тамойиллари асосида тинчликка эришишга чақиради. Ўнлаб мамлакатлар мазкур лойиҳанинг ҳаммуаллифлари бўлди.

Америкалик дипломат Дороти Ши овоз беришдан олдин резолюциянинг “Тинчлик сари йўл” деб номланган американча вариантини тақдим этган. Унда муаллифлар томонидан можарога чек қўйилиш кераклиги таъкидланади.
Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя резолюциянинг американча варианти учун овоз беришга чақириб, уни “тўғри йўналишдаги қадам” деб атаган, шунингдек, унга Россия томонидан таклиф қилинган Украина инқирозининг “асосий сабабларини” йўқ қилишга тааллуқли тузатиш киритишга чақирди. Тузатиш Бош Ассамблея томонидан қабул қилинмади.
Небензя шунингдек, делегацияларни “Украина-Европа резолюцияси лойиҳаси” ва АҚШ ҳужжатига Европа давлатлари томонидан таклиф қилинган тузатишларга қарши овоз беришга ҳам чақирган.
С.Раҳимов, ЎзА