Кўзбўямачилик ёмон иллат

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси “Нукус” ташқи иқтисодий фаолият, Масофавий электрон декларациялаш божхона постлари ва товарларни таснифлаш тузилмаси ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектларидан бирининг номига олиб кирилган газга ишлов бериш қурилмаси божхона кўригидан ўтказилди.
Қонунчиликда хориждан олиб кирилган айрим товарларга нисбатан божхона тўловларидан имтиёз берилиши назарда тутилган. Лекин, имтиёз қўлланилиши белгиланмаган товарларни ҳам “имтиёзли” товар коди остида кўрсатиб, давлат бюджетига ундириладиган божхона тўловларидан бўйин товлашга уриниш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Қорақалпоғистонда божхоначилар шундай ҳолатга чек қўйиб, давлат бюджети қўшимча 608 миллион сўмга тўлдирилди.

Божхона чегаралари орқали олиб ўтилаётган ва декларацияланаётган барча товарлар мажбурий равишда ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатурасига мувофиқ таснифланади. Товар кодларининг нотўғри кўрсатилиши давлат бюджетига ундириладиган божхона тўловларининг тўғри ҳисобланиши ва ундирилишига тўсиқ бўлади. Айрим тадбиркорлик субъектлари томонидан божхона ходимларининг “илғамай қолиши”га умид қилиб, товар кодларини атайлаб божхона тўловларидан имтиёз тақдим этиладиган бошқа бир товар кодига алмаштириб қўйиш ҳолатлари ҳам учрамоқда.

Олиб кирилаётган мазкур товар учун божхона юк декларациясида кўрсатилган код бўйича товарга гўё божхона тўловларидан имтиёз тақдим қилиниши керак эди. Аммо, божхона кўригидан ўтказилиши жараёнида олиб кирилган товар ҳужжатларда бошқа товар коди остида тақдим этилгани ҳолати аниқланди. Олиб борилган экспертиза хулосасига кўра мазкур ускуна 8481109908 коди остида таснифланиши зарурлиги қайд этилди. Натижада ушбу товар бўйича қўшимча божхона тўлови ҳисобланди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири