Мулк такрорий аукционга қўйилди

184

Фуқаролик ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Нукус туманлараро судининг 2024 йил  23 майдаги ижро ҳужжатига асосан қарздор Т.Б.дан “Капиталбанк” акциядорлик тижорат банки Нукус филиали фойдасига жами 145,8 миллион сўм кредит қарз ундириш, уни банк ва мижоз ўртасида 129 миллион сўмга баҳоланган COBALT русумли автомашинага қаратиш белгиланди.

Мажбурий ижро бюроси Нукус шаҳар бўлими иш юритувида бўлган ушбу ижро ҳужжати ижросини таъминлаш мақсадида гаровга олинган автомашина бўлим давлат ижрочиси томонидан тегишли тартибда хатловга олиниб, электрон онлайн-аукцион савдо майдончаси орқали сотувга чиқарилди.

Аукцион савдо жорий йилнинг 10 февраль кунига белгилан ва аукционда қатнашиш учун биронта ҳам талабгордан ариза келиб тушмаганлиги сабабли мулк такрорий аукционга қўйилди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, электрон онлайн-аукцион савдоларини ўтказиш тартиби ҳақидаги Низомга мувофиқ агарда аукционга чиқарилган мулк биринчи аукцион савдосида сотилмаган тақдирда, такрорий аукцион савдоси нархни тушириб бориш услубида ўтказилади. Бунда аукционга чиқарилган мулк баҳоланган нархидан 10 фоиз арзон сотилиб кетилиши мумкин. Бу эса, автомашина сотилган тақдирда ҳам мижоз банк олдидаги 145,8 миллион сўм қарздорликни қоплай олмаслигини англатади. Шу каби салбий оқибатларнинг олдини олиш учун юзага келган кредит қарздорлигини вақтида тўлаб бориш талаб қилинди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири