Ҳидоят ёғдуси

183

Эзгуликлар ойи, марҳабо!

Яна бир неча кундан сўнг дилларимизга сурур, қалбларимизга сокинлик, ҳузур-ҳаловат улашиб муборак Рамазон ойи кириб келади. Бу ойнинг файзи ва шукуҳи ўзгача. Бу ой бежиз орзиқиб кутилмайди. Унда минг ойларга татийдиган кеча бор. Бу ойда сўзларнинг энг улуғи – Каломуллоҳ нозил бўлган.

Рамазонни юртимизда кўтаринки руҳда кутиб оламиз. Чунки бу ойни муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида ҳар йили муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг махсус қарори қабул қилинади. Шу ҳужжат асосида муборак ойнинг мазмун-моҳиятида мужассам бўлган инсонийлик, маънавий поклик, сабр-қаноат каби фазилатларни эъзозлаш, бугунги тинч ва фаровон ҳаётимизни қадрлаш, одамларни бир-бирига яхшилик қилиш, аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб яшашга даъват этадиган ҳамда ёш авлодни она Ватанга муҳаббат, азалий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қиладиган тарғибот тадбирларини ўтказиш алоҳида белгиланади.

Рўзанинг жуда кўп ва турли-туман фойдалари бор. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бизни ана шу фойдаларга тарғиб қилганлар.

Биринчидан, рўза иммунитетни ошириб, инсон танасини турли касалликларга бардошли қилади. Чунки танадаги кўп касалликлар асосан меъда ва ичакларда тўпланиб қолган чиқиндилардан ҳамда ортиқча семизликдан келиб чиқади.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Рўза тутинглар, соғлом бўласизлар”(Имом Табароний ривояти) деган муборак сўзлари замирида қанчалик ҳаётий ҳақиқатлар мужассам экани намоён бўлади.

Иккинчидан, рўза зеҳннинг саломатлиги, фикрнинг тўғри бўлиши, хотиранинг фаоллашувида фойдали, унутувчанликни камайтиради. Кўп ейиш мияда намлик ва ботни кўпайтиради ва бу хотира қувватига оғир келади.

Учинчидан, рўзадор кишининг тана аъзолари ҳаракати тоат-ибодатлар учун енгил бўлади. Ҳаддан ташқари тўйиб овқатланиш танани бўшаштиради, ибодат қилишга оғирлаштириб қўяди.

Тўртинчидан, рўза туфайли шайтоннинг малайлари мағлуб бўлади, Раҳмоннинг лашкарига нусрат ато этилиб, ғолиб бўлади. Рўзада нафсни тийиш аъзоларнинг бемалол бўлишидан, шаҳватларга муккасидан кетишидан сақланишдир. Озуқанинг кўпайиб кетиши нафсни шаҳватларга ундайди.

Бешинчидан, рўза туфайли дуолар қабул ва ижобат бўлади. Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч киши борки, уларнинг дуосини рад қилмаслик Аллоҳнинг зиммасидаги ҳақдир: оғзини очгунча рўзадорнинг, нусрат топгунча мазлумнинг ва қайтгунича мусофирнинг”, деганлар.

Қолаверса, тиббий-илмий изланишлар натижасида рўзанинг турли жисмоний ва руҳий касалликлардан ҳимояланишда ва уларнинг олдини олишда фойдаси борлиги исботланди. Баъзи мисолларни айтадиган бўлсак: рўза инсондаги касалликларга қарши қобилиятни (иммунитет) кучайтиради, чунки рўза тутган одамда ушбу мақсадга хизмат қилувчи ҳужайралар ўн марта кўпайиши илмий исботини топган.

Айнан Рамазон ойи муносабати билан қанчадан-қанча кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олинади, бева-бечора, етим-есирларга кўмаклар берилади. Нега? Чунки одам рўза тутиб, очнинг ҳолини ҳис этади, ташнанинг аҳволини англаб етади. Шу боис уларга ёрдам беради.

Бу ойда бир ҳар бир қилинган амалнинг эвазига 70 тадан 700 тагача савоб берилиши ҳадиси шарифда баён этилган: “Ҳар бир хайрли амалга ўн баробардан етти юз баробаргача савоб берилади” (Имом Табароний ривояти).

Албатта, у ойлар султони, унда илк бора Аллоҳ таолонинг каломи нозил бўлган. «Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир» (Бақара сураси, 185-оят).

Дарҳақиқат, Рамазон бу – Қуръон ойи. Унинг кечаларини қориларнинг гўзал қироатлари билан таровеҳлар безаб туради. Аллоҳнинг каломини хатм қилиш, уни тинглаш, ундан баҳра олиш ниятида Ислом уммати таровеҳларга шошилади. Бу муборак кечаларда гўё нур заминдан самога кўтарилаётгандек бўлади. Чунки замин узра Аллоҳнинг уйларида Қуръони карим тиловатлари янграб туради. Ҳатто Қуръонни билмаганлар ҳам уни ўқиш, ёд олиш, айниқса, ўзи тиловат қилишни истаб қолади.

Аллоҳга беадад шукр, бу йил Рамазонда ҳам эзгу анъаналаримиз давом этади: таровеҳларда, Қуръони карим хатмларидан сўнг барча масжидларимизда юртимизнинг янада равнақ топиши, халқимиз турмуши бундан-да фаровон бўлиши, жаннатмонанд юртимиз гуллаб-яшнаши учун Яратганга илтижолар қиламиз. Зеро, ҳадиси шарифда: “Рўзадорнинг дуоси то ифторлик қилгунича асло рад этилмайди”, дейилган (Имом Ибн Ҳиббон ривояти).

Жасурбек домла Раупов,  

Тошкент вилояти бош имом-хатиби.