Уй-жой ва ипотека бозори янада ривожлантирилади

167

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Уй-жой ва ипотека бозорини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Унга мувофиқ, 2025 йилда бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурининг асосий йўналишлари белгиланди. Улар қуйидагилардан иборат:

ҳудудларда жами 8,1 миллион м2дан иборат 135 минг квартирали уй-жойларни қуриш;

ипотека кредитлари бўйича дастлабки бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар сонини 1,5 бараварга ошириш ва мазкур мақсадларга Давлат бюджетидан 2,5 триллион сўм йўналтириш;

уй-жой ва ипотека бозорини молиявий ресурслар билан таъминлаш учун 20,9 триллион сўм миқдоридаги ипотека кредитларини ажратиш;

«Янги Ўзбекистон» ва бошқа массивларда кўп квартирали уй-жойларни барпо қилишда иштирок этадиган қурилиш ташкилотларини айланма маблағлар билан таъминлаш учун Давлат бюджетидан 700 миллиард сўм ҳамда тижорат банкларининг ўз маблағлари ҳисобидан 3,0 триллион сўм миқдоридаги маблағларни йўналтириш.

Фармонга кўра, 2025 йилда «Янги Ўзбекистон» ва бошқа массивларда кўп квартирали уй-жойлар қуришнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди.

2025 йил 1 мартдан бошлаб «Янги Ўзбекистон» массивлари учун янги ҳудудлар урбанизация тамойилларига мувофиқ қуйидаги мезонларни инобатга олган ҳолда танланади:

массивнинг туман (шаҳар) марказида ёки унга яқин (2 километргача) ҳудудда жойлашганлиги ҳамда ушбу ҳудудда истиқомат қилувчи аҳолининг уй-жойга талаби мавжудлиги;

массивнинг муҳандислик-коммуникация ва транспорт инфратузилмалари билан таъминланганлиги ёки мавжуд инфратузилмаларга яқинлиги;

массив ташкил этилмоқчи бўлган ҳудудда камида 70 минг киши истиқомат қилиши;

массивдаги жами квартираларнинг умумий майдони камида 100 минг м2 бўлиши ҳамда 7 қаватдан кам бўлмаган уйлар қурилиши режалаштирилганлиги;

кўп квартирали уй-жойларни қуриш харажатларининг камида 2 фоизи уй-жойлар атрофида яшил ҳудудлар яратишга йўналтирилганлиги.

2025 йил 1 майдан бошлаб «Янги Ўзбекистон» массивларини барпо этиш доирасида:

а) ер участкаларини кўп квартирали уй-жойлар қуриш учун ижарага бериш бўйича аукцион савдоларида қатнашиш, кўп квартирали уй-жойларни қуриш ва уларни реализация қилишга фақат қўшилган қиймат солиғини тўловчи юридик шахсларга рухсат этилади;

б)  ер участкаларини кўп квартирали уй-жойлар қуриш учун ижарага бериш бўйича аукцион савдолари офертасида лойиҳа олди ҳужжатлари тайёрлашга 15 кунлик, лойиҳа ишларини бажаришга 2 ойлик ва қурилиш ишларини бошлашга 3 ойлик муддат белгиланади, шунингдек, унда қурилишни якунлаш ва объектни фойдаланишга қабул қилиш муддатлари кўрсатилади. Бунда:

ер участкалари кўп квартирали уй-жойларни қуриб битказиш ва фойдаланишга қабул қилиш муддатига реализация қилинади;

оферта талабларини бажармаган аукцион савдоси ғолибидан ер участкаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил б сентябрдаги ПФ-135-сон Фармонига 4-иловада белгиланган тартибда қайтариб олинади ва такроран аукцион савдоларига қўйилади;

в)  аукцион савдоларида ер участкасини кўп квартирали уй-жой қуриш учун ижарага олган юридик шахслар ижарага олган пайтдан бошлаб 12 ой давомида ушбу ер участкаси бўйича ер солиғини тўлашдан озод қилинади.

Бунда кўп квартирали уй-жой белгиланган муддатда қурилиб, фойдаланишга топширилмаса, имтиёздан фойдаланилган давр учун ер солиғи 2 баравар миқдорда ундирилади;

г)  «Янги Ўзбекистон» массивларида тижорат биноларини қуришга мўлжалланган ер участкалари умумий майдонининг камида 10 фоиз қисми уй-жой қуриш учун ажратилган ер участкалари билан бирга ягона лот сифатида аукцион савдоларига чиқарилади.

2025 йил 1 мартдан бошлаб реновация асосида кўп квартирали уй-жойларни барпо этишнинг қуйидаги тартиби жорий этилади:

а)  реновация лойиҳасини бошлашга барча мулкдорлар билан нотариал тасдиқланган келишув битими имзоланганидан сўнг рухсат берилади;

б) мулкдорларга, уларнинг хоҳишига кўра, қуйидаги компенсация турларидан бири тақдим этилади:

бузилаётган тураржой объектлари ўрнига уларнинг майдонидан кам бўлмаган реновация дастурига мувофиқ янги қуриладиган тураржойлардан яшаш учун тайёр ҳолдаги квартираларни мулк ҳуқуқи асосида бериш ҳамда қурилиш даврида кўчиш, шу жумладан, бошқа тураржой объектини вақтинчалик ижарага олиш билан боғлиқ харажатларни тўлиқ қоплаш;

бузилаётган турар ва нотурар жой объектининг бозор қийматини тўлиқ қоплаб бериш;

реновация ташаббускори билан келишилган ҳолда бошқа турдаги компенсацияни тақдим этиш.

ЎзА