Институт талабалари ҳам “Жўхори гуртик куни”ни кўтаринки кайфиятда нишонламоқда

424

 

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида 25 февраль – Жўхори гуртик куни юқори уюшқоқлик билан ўтказилмоқда. Талабалар турар жойи директори Мийуагул Қаллибекова ташаббуси билан ушбу байрам уч йилдан буён мунтазам равишда кўтаринки кайфиятда нишонланиши анъанага айланган,-деб хабар қилмоқда НДПИ матбуот хизмати. 

Институтнинг “Аргония” масъулияти чекланган жамияти билан давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган талабалар турар жойида байрам муносабати билан қорақалпоқ халқининг миллий таоми – жўхори гуртик тайёрланди.

– Ҳар йили талабалар турар жойида ушбу байрамни нишонлаб, улар билан биргаликда жўхори гуртик тайёрлаб, ота-боболаримиздан мерос бўлиб келаётган урф-одатлар, анъаналар ва қадриятлар ҳақида суҳбатлашамиз, ўзаро фикр алмашиб, тарихимиз ва маданиятимиз ҳақида маълумотлар берамиз. Бу байрам вилоятлардан келган талабалар ўртасида ҳам катта қизиқиш уйғотади. Улар қорақалпоқ халқининг миллий таоми жўхори гуртик ва унинг тайёрланиши ҳақида маълумотларга эга бўлади. Албатта, бу байрам орқали биз юртимизнинг ўзига хос маданияти, тарихи, урф-одатлари ва миллий таомимиз ҳисобланган жўхори гуртикни дунёга танитишга ҳисса қўшамиз, – дейди биз билан суҳбатда М.Қаллибекова.

Байрам кечасида институтнинг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори вазифасини вақтинча бажарувчиси Қ.Реймов иштирок этиб, ёшларимиз ўртасида миллийлигимизни тарғиб қилишга ҳисса қўшаётган талабалар турар жойи жамоасига ва педагог-тарбиячиларига миннатдорчилик билдирди.

Байрам тадбирида институт талабалари миллий либосларда халқимизнинг қиз-йигитлар айтишувини ўтказиб, шу билан бирга, миллий анъаналаримиз, уларнинг тарихи ҳақида қимматли маълумотларга эга бўлди.

Тадбир доирасида талабалар турар жойи жамоаси, нуроний онахонлар ва ёшлар биргаликда миллий таом – жўхори гуртикни тайёрлаб, байрам дастурхонига тортди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, 2023 йилдан буён Қорақалпоғистон Республикасида 25 февраль жамоатчилик ташаббуси асосида “Жўхори гуртик куни” сифатида халқимиз орасида кенг тарзда нишонланиб келинмоқда.

Ҳар йили шу санада халқимиз катта ҳамжиҳатлик намунасини кўрсатиб, нафақат оилаларда дастурхон атрофида, балки меҳнат жамоалари, ўқув юртлари, кафе ва ресторанларда ҳам юқори кўтаринкилик билан ўтказилмоқда.

Албатта, бундай ташаббуслар аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган анъаналарни келгуси авлодларга етказишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги