Велоспортни ривожлантириш масаласи муҳокама қилинди

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси раисининг биринчи ўринбосари, Осиё велоспорт конфедерацияси бош котиби Козим Ўринбойхўжаев билан учрашди.
Унда дастлаб, Жўқорғи Кенгес Раиси сўнгги йилларда барча соҳалар қатори юртимизда спорт соҳасини ривожлантириш ва оммавий спорт билан шуғулланишни кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, Президентимизнинг алоҳида эътибори билан яратилаётган шароитларни таъкидлади. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида велоспортни янада ривожлантириш, жорий йилда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар, спортчиларимизнинг юқори натижаларга эришиши учун бундан буён ҳам кенг имкониятлар яратиш масалалари муҳокама қилинди.

Таъкидлаш жоиз, яқинда Президентимиз раислигида Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарликни кучайтириш, оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида истиқболли спорт турлари, жумладан, велоспортни янада ривожлантириш борасида топшириқлар берилган эди. Учрашувда ушбу топшириқлар асосида спорт турини оммалаштириш, лицензия олиш ва медаллар сонини кўпайтириш учун жиддий тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилиниб, галдаги вазифалар белгиланди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири