Польша Паралимпия қўмитаси делегацияси Ўзбекистонда

Мамлакатимизда олимпия ва паралимпия ҳаракатининг янги босқичга кўтарилиши кўплаб хорижий давлатларда Ўзбекистон спортига бўлган қизиқишни оширди.
Ўтган 2024 йил мобайнида мамлакатимизга айнан Паралимпия спорт турлари йўналишида ўнлаб мамлакатларнинг паралимпия қўмиталари, халқаро пара спорт федерациялари Осиё Паралимпия қўмитаси мутасаддилари, мутахассислари ташриф буюриб, қўшма лойиҳалар юзасидан музокаралар олиб борди, турли келишувларга эришилди.

Шу кунларда Польша Паралимпия қўмитаси президенти Лукас Маcиеж Сзелига бошчилигидаги делегация ушбу йўналишда Ўзбекистон тажрибасини ўрганиш мақсадида келгани истиқболли саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлди.
–Польшалик спорт мутахассислари пойтахтимизда қад ростлаётган Олимпия ва Паралимпия шаҳарчасини кўздан кечирди. Мутахассисларимиз билан кечган суҳбатлар давомида нафақат пара спорт турлари, Олимпия ва Паралимпия йўналишларида қўшма ўқув-йиғин машғулотларини ўтказиш, ҳар икки мамлакатнинг етакчи спорт тизимларида амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш каби кўплаб масалаларда таклифлар илгари сурилди, – дейди Ўзбекистон Миллий Паралимпия қўмитаси раиси ўринбосари Ҳикмат Тошматов.
Бугун, 25 февраль куни Ўзбекистон Миллий Паралимпия қўмитаси ва Польша Паралимпия қўмитаси мутасаддиларининг кенгайтирилган йиғилиши ўтказилади. Йиғилиш давомида ҳамкорликнинг турли йўналишлари бўйича келишувларга эришиш кутилмоқда.
Польша Паралимпия қўмитаси делегацияси сафар давомида юртимизнинг тарихий шаҳарларини зиёрат қилиши, спорт иншоотлари билан танишиши режалаштирилган.
Т.Рўзиев,
ЎзА