Элдор Шомуродов “Рома”да порлаган оқшом

Италия чемпионатининг 26-тури доирасида “Рома” ва “Монца” клублари ўзаро рақобатлашди. Ушбу учрашув 4:0 ҳисобида мезбонлар фойдасига ҳал бўлди.
Қувонарлиси, мазкур ўйинда Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Элдор Шомуродов ажойиб ўйин кўрсатди. Гап шундаки, 29 ёшли ҳужумчимиз бор йўғи 30 дақиқа орасида биттадан ассист ва голни амалга оширган ҳолда ўйин тақдирини ҳал қилди.

Учрашувнинг 10-дақиқасида Алексис Салемакерс Элдор Шомуродов томонидан оширилган ажойиб узатмани голга айлантирган бўлса, 32-дақиқада Элдорнинг ўзи голга муаллифлик қилди. Шунингдек, Анхелиньо 73-дақиқада, Брайан Кристанте эса 88-дақиқада рақиб дарвозасини ишғол қилди.
Элдор Шомуродов ушбу ўйинда 70 дақиқа ҳаракат қилди ва “Sofascore” портали томонидан 8.1 баллга лойиқ кўрилди. Ушбу вақт мобайнида футболчимиз қуйидаги статистикани қайд этди:
Дарвозага йўлланган аниқ зарбалар — 1
Блокланган зарбалари — 3
Дриблинг уринишлари – 3/1
Тўпга тегинишлар сони — 49
Узатмалар аниқлиги — 20/30 (67%)
Кескин узатмалар — 1
Узоқ масофага узатмалар – 1/0
Якка курашлар – 8/5
Иккинчи қаватдаги курашлар — 2/1
Тўпни йўқотишлар – 17
Унга нисбатан қоида бузилиши – 1
Тўп тортиб олиш – 3
Маълумот ўрнида: Клаудио Раньери бошчилигидаги римликлар навбатдаги учрашувини 2 март куни “Комо“га қарши ўтказади. Мазкур тўқнашув Тошкент вақти билан 22:00 да старт олади. Ҳозирда “Рома” “А” серияда 40 очко билан тўққизинчи ўринда бормоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА