Қарздор ота 15 суткага қамалди

Фуқаро Ш.Б. шу кунгача суд қарори билан белгиланган уч нафар фарзанди таъминоти учун алимент пулларини тўламасдан келган.
Шунинг натижасида унинг алимент тўловларидан қарздорлиги 70 миллион сўмдан ошиб кетган. Унинг яшаш манзили ҳақида аниқ маълумот бўлмаганлиги сабабли Мажбурий ижро бюроси Нукус шаҳар бўлими давлат ижрочиси томонидан қидирув эълон қилинди.
Бу орада унинг собиқ турмуш ўртоғи Бюронинг Қорақалпоғистон бошқармаси ходимларига оғзаки мурожаат қилиб, қарздорни қидириб топишни сўраган. Агар топилган тақдирда у билан ярашиб бирга яшаш истагини билдирган. Шу сабабли, қарздорга тегишли маълумотлар ўрганила бошланди ва у ҳозирда ҳеч қаерда яшаш учун рўйхатдан ўтмаганлиги аниқланди.
Жорий йилнинг 19 февраль куни Бюронинг Қорақалпоғистон Республикаси қидирув шуъбаси ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирларида қарздор Ш.Б. ўзининг Нукус шаҳрида яшовчи акасининг уйидан топилди. У Бюронинг Нукус шаҳар бўлимига олиб келинди ва шу ерга унинг турмуш ўртоғи чақирилди. Учрашувда турмуш ўртоғи ярашиш нияти йўқлигини, унга нисбатан чора кўриб беришни сўраган. Шу ернинг ўзида маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Нукус шаҳар судига юборилди.
Суд мажлисида қарздорга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири