Экологик ислоҳотлар ва сиёсий фаоллик
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан “Ўзбекистон-2030” стратегияси ва “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”да амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, демократик ислоҳотларнинг мазмуни ва мақсадлари ҳақида ёшлар билан суҳбат ташкил этилди.
Тадбирнинг мақсади, ёшларни мамлакатнинг узоқ муддатли ривожланиш стратегияси билан яқиндан таништириш, экология, атроф-муҳитни ҳимоя қилиш, яшил иқтисодиёт ва демократик ислоҳотлар ҳақида тўлиқ маълумот беришдан иборат. Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти кенгаши Ижроия қўмитаси вакиллари, филиал профессор-ўқитувчилари иштирок этган тадбирда талабаларга экологик барқарорлик, Ўзбекистоннинг “Яшил иқтисодиёт”га ўтиши, экологик тоза технологияларни жорий этиш, табиий ресурсларни тежаш ва экологик муаммоларга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил тушунтириш берилди.

Сўзга чиққанлар ёшларнинг партия сиёсатидаги ўрни, уларни самарали сиёсий ислоҳотларга қўшиш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, ёшлар ўзлари учун очиқ сиёсий майдонни топиши, ижтимоий ва сиёсий масалаларда ўз фикрларини эркин ифодалаш имкониятларига эга бўлиши кераклиги ҳақида сўз юритилди.
Тадбир давомида профессор-ўқитувчилар экологик ва сиёсий таълимни кучайтириш, талабалар учун янги имкониятларни яратиш зарурлигини таъкидлади.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири