“Биз – донормиз!” хайрия акцияси ўтказилди
Қорақалпоғистон Республикаси қон қуйиш марказида “Юксалиш” ҳаракати ташаббуси билан “Биз – донормиз!” мавзусида донорлик хайрия акцияси ўтказилди.
Унда олий таълим муассасалари ўқитувчилари ва талабалари, Миллий гвардия ходимлари, ёшлар ва фаол фуқаролар иштирок этди.
Акцияни ўтказишдан мақсад, мураккаб жарроҳлик амалиётларидан сўнг, оғир жароҳатлар ёки саратон касаллигига чалинган ва қон қуйишга жуда муҳтож бўлган беморларни қўллаб-қувватлашдир. Шунингдек, жамиятда ўзаро ёрдам маданиятини шакллантириш, бу жараённинг аҳамиятини кенг тушунтириш, донор қони тақчиллиги муаммосига жамоатчилик эътиборини жалб этишдан иборат.
Бундай тадбирларни мунтазам равишда ўтказиш касалхоналар ва тиббиёт марказларида қоннинг етарли даражада таъминланишига ёрдам беради. Бу айниқса, фавқулодда вазиятлар ва режалаштирилган жарроҳлик амалиётлари учун муҳимдир.

Таъкидлаш жоизки, қон топширишнинг донорга ҳам талайгина фойдаси бор. Уларнинг қони доим янгиланиб туриши ҳисобига инфаркт, инсульт ва бошқа юрак касалликларига чалиниш хавфи камаяди. Қолаверса, донорлар қон топширишдан олдин шифокор қабулида бўлади. Бу доимий равишда саломатлиги ҳақида маълумотга эга бўлиш имконини беради.
Энг муҳими, қон топшириш орқали ҳар биримиз кўплаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолишга ҳисса қўшган бўламиз. Шунинг учун ҳам қон фақат донорлар кунида эмас, балким йил давомида керак.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири