Спортни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

180

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев спорт соҳаси вакиллари, масъуллар, федерация раҳбарлари билан учрашди.

Учрашувда 2024 йилда спорт мактабларида спортчи-ёшларни тайёрлашда амалга оширилган чора-тадбирлар ва келгусидаги вазифалар ҳамда спорт федерацияларининг ишлари кўриб чиқилди.

Таъкидлаш жоиз, сўнгги йилларда юртимизда спортни ривожлантириш ва оммалаштириш учун кенг имкониятлар яратилиб, бу борада амалий чора-тадбирлар давом этмоқда. Айниқса, ёшларимиз орасидан юртимиз байроғини дунёга янада танитадиган спортчиларни етиштириб чиқариш, олимпиада мусобақаларида Ватанимиз шарафини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раиси этиб сайлангани ўз навбатида ҳудуд ва соҳа раҳбарларига катта масъулият юклашини, яратиб берилаётган имкониятлардан фойдаланиб соҳада юқори натижалар қўлга киритилиши зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Президентимиз бошчилигида олимпия ва паралимпия ҳаракати, ихтисослаштирилган ва оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда аҳоли жисмоний фаоллигини ошириш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилиши Париж Олимпия ва Паралимпия ўйинларига қўлга киритилган лицензиялар Қорақалпоғистонда энг кам эканлиги қайд этилган эди. Шунингдек, бу борада ўз вазифасини бажаришда айрим муассаса ва федерация раҳбарларининг лоқайдлик билан ёндашаётгани танқид қилинди.

Учрашувда юртимиз ёшлари орасидан халқаро даражадаги мусобақаларда, олимпиада ўйинларида юқори натижаларга эришадиган спортчиларни етиштириб чиқариш учун яна қандай чоралар кўриш кераклиги бўйича соҳа вакилларининг фикр-таклифлари тингланиб, вазифалар белгиланди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири