Трамп: Россия – Украина можаросини ҳал этиш бўйича келишувга эришиш имкони бор

“The Guardian” нашри хабарига кўра, АҚШ Президенти Дональд Трамп Путин ва Зеленский учрашиши зарурлигини айтмоқда.
– Мен отишма тўхташи, келишув тузилишини хоҳлайман, – деди Америка раҳбари Оқ уйда. – Ўйлайманки, бунинг имкони бор.
У урушни тугатишга қатъий бел боғлаганини таъкидлаб, шу мақсадда Москва билан музокара давом этишини қўшимча қилди. Шунингдек, журналистларга Украина билан қимматбаҳо металлар бўйича келишув қайси босқичда экани ҳақида ҳам махлумот берди:
– Натижага жуда яқинмиз. Биз уч баробар кўпроқ, 300 миллиард доллар сармоя киритдик, Европа эса 100 миллиард. Кўҳна қитъа кредит берди, Байден эса шунчаки пул берган. Ҳеч қандай фоиз, кафолат йўқ эди. Шунинг учун биз янги келишув имзолашимиз керак. Акс ҳолда муаммо чиқади. Кафолат олишга келишиш шарт.
Трамп таъкидлашича, Украина ҳам айни қарорга ижобий қарайди:
– Бу жиддий битимга Украина ҳам рози. Украинлар, ҳатто, вазиятдан мамнун. Биз эса маблағимизни қайтариб оламиз. Мазкур келишув биз ҳокимиятга келишимиздан анча олдин имзоланиши керак эди.
BBC ёзишича, «Сиз 9 май куни Москвадаги тадбирларга борасизми?» деб сўрашганда, Трамп «Йўқ, бормайман», дея жавоб қайтарган.