“Кабар” ахборот агентлиги OANA мукофотини қўлга киритди

169

Осиё ва Тинч океани мамлакатлари ахборот агентликлари ташкилоти (OANA)нинг 2024 йилдаги энг яхши мақола танловида “Кабар” ахборот агентлиги ходими Нуржан Касмалиева “Маданий мерос” номинациясида қирғиз халқи миллий гилами – ширдак ҳақидаги мақоласи билан учинчи ўринни эгаллади.

2024 йил август ойида эълон қилинган, журналистлар ўртасида малака, мукаммаллик ва инновацияни рағбатлантириш мақсадида ўтказилган “Энг яхши мақола” ва “Энг яхши фотосурат” мусобақаси натижасини OANA Бош котиби Замон Ризахоний Малайзия пойтахти Куала-Лумпур шаҳрида бўлиб ўтган Ижроия кенгаш 54-йиғилишида ўқиб эшиттирди.

Танловга 17 ахборот агентлигидан 30 мақола, 22 сурат, 14 фото тўплами тақдим этилганди.

Ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими июнь ойида Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ташкил этилиши режалаштирилган 19-Бош ассамблея йиғилиши доирасида бўлиб ўтади.

Осиё-Тинч океани минтақасидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо давлатлар ахборот агентликлари нотижорат бирлашмаси – OANA 1961 йил 22 декабрда Таиланднинг Бангкок шаҳрида Осиё ахборот агентликлари биринчи Бош ассамблеяси мажлисида ЮНЕСКО ташаббуси билан  ташкил этилган. Ташкилот дунё аҳолисининг ярмидан кўпи истиқомат қиладиган минтақадаги ахборот агентликлари ўртасида тўғридан-тўғри ва эркин янгилик алмашинувини таъминлаш мақсадида тузилган. 33 мамлакатнинг 41 агентлигини бирлаштирган жамоа аъзолари бугунги кунда бутун дунё бўйлаб тарқатиладиган  ахборотнинг учдан икки қисмини таъминлайди.

“Кабар” 1997 йилдан OANA аъзоси ҳисобланади.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА