Ишга кечикдингиз, баҳонангиз тайёрми?

Инсон зоти борки, иш тартибига амал қилмаса ёки режадаги бирор ишини қилолмаса ёхуд берган ваъдасини бажара олмаса, бу ўз эътиборсизлиги, лафзсизлиги ёки дангасалиги туфайли эканини тан олгиси келмайди.
Аксинча, беозоргина баҳона ўйлаб топишга ҳаракат қилади. Бинобарин, баҳоналарнинг ҳам чеки бор. Яна бир жиҳатни эсдан чиқармаслик керакки, айрим ҳолларда ҳеч қандай баҳона ўтмайдиган вазият юзага келиши ҳам мумкин.
Баҳона қай ҳолатда кўпроқ ишлатилади? Шубҳасиз, ишга кеч қолганда!
Яқинда Россия бўйлаб “SuperJob” бўш иш ўринлари иловаси аҳоли орасида ишга кечикиш сабабини ўрганиш мақсадида сўров ўтказди. 1000 киши қатнашган тадқиқот ҳисоботида айтилишича, ишга кечикилганда энг кўп ишлатиладиган баҳона йўлдаги тирбандлик экан. Шу билан бирга “мушугим тиззамда ухлаб қолди” ёки “отлар йўлни тўсиб қўйди” каби камдан-кам учрайдиган сабаблар ҳам кўрсатилган.
Респондентларнинг 28 фоизи ишга кечикса, айбни йўл тирбандлигига тўнкашини тан олган. Нечоғли ажабланарли бўлмасин, иккинчи кенг тарқалган баҳона “ухлаб қолиш” экан. Сўровда қатнашганларнинг 13 фоизи шу баҳонани кўп ишлатаркан.
Ҳар ўнинчи иш берувчи вақтида ишга келмайдиган ходимларидан шаҳар йўловчи ташиш транспорти билан боғлиқ “жадвал ўзгарди”, “автобус кечикди”, “транспорт йўлда бузилди ёки умуман келмади” қабилидаги баҳоналарни эшитаркан.
Мутахассисларнинг 6 фоизи уйғотувчи соат билан боғлиқ муаммо энг кенг тарқалган баҳона, деган, 5 фоизи оилавий ёки болалар билан боғлиқ масалани кўрсатган. Шунингдек, йўл-транспорт ҳодисаси рўй бериши(4 фоиз), соғлиқ ёмонлашиши (3 фоиз), машина бузилиши ва об-ҳаво ёмонлашиши (2 фоиз) каби баҳоналар ҳам тез-тез тилга олинаркан.
Дарвоқе, сўров жараёнида мутахассислар куракда турмайдиган, на кулиш ва на ачинишга лойиқ баҳоналарни ҳам эшитишига тўғри келган. Кулгили баҳоналарга “Ишга бориш кераклиги эсимдан чиқибди”, “Қаерга бораётганимни унутиб қўйибман”, романтизмга “Қуёш чиқишини кўзатиб адашиб қолдим”, ваҳималиларига “Туришдан қўрқаман”, бепарволикка “Ҳафта нотўғри ташкил этилган”, ажабтовур сабабларга “Отлар йўлни тўсди”, “Севимли мушугим туғди”, “Бугун эрталаб мушук тиззамда ухлаб қолди” кабилар киритилди.
Сўров ўтказган мутахассислар таъкидлашича, тадқиқот корхона ва ташкилотларнинг ходимларни танлаш учун масъул бўлган кадрлар бўлими менежерлари ва бошқа вакиллари ўртасида ўтказилган.
Хуллас, баҳона ўйлаб топишни одат қилмаслик керак, чунки вақт ўтиб, шунга қаттиқ боғланиб қоласиз. Натижада ёлғончилик ҳаёт тарзингизга айланиб қолиши мумкин. Мабодо, бошингиз муаммодан чиқмай қолса, тақдири азални “айбдор” қилмай, кеч бўлмасдан, камчиликни ўзингиздан қидириб кўрганингиз маъқул.
С.Раҳимов, ЎзА