Ўзбекистонда болаларни эрта ёшдан ривожлантириш бўйича эришилган ютуқлар эътироф этилди

Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Шерзод Каримов бошчилигидаги делегация Париж шаҳрида хизмат сафарида бўлди.
“Халқаро она тили куни”нинг 25 йиллигини нишонлашга бағишланган тадбир доирасида Шерзод Каримов ЮНEСКО Бош директори ўринбосари Стефания Жианини билан учрашув ўтказди. Учрашувда таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва Тошкент шаҳрида ЮНEСКО шафелигида мактабгача таълимни ривожлантириш бўйича иккинчи даражали минтақавий марказ ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Икки томонлама учрашув чоғида Стефания Жианини Ўзбекистонда болаларни эрта ёшдан ривожлантириш бўйича эришилган ютуқларни эътироф этди. Жианини хоним Ўзбекистоннинг бу борадаги натижаларини юқори баҳолаб, хусусан, замонавий таълим дастурларини жорий этиш ҳамда педагоглар малакасини ошириш йўналишидаги саъй-ҳаракатларга эътибор қаратди.

Муҳокамалар давомида 2025 йилда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган ЮНEСКО Бош Ассамблеяси дастурига алоҳида сессияни киритиш имконияти бўйича келишувга эришилди.
Ташриф доирасида Шерзод Каримов Глобал таълим ҳамкорлиги (GPE) координатори Петерсон хоним билан учрашди. Музокаралар чоғида томонлар “System Sapasity Grant” лойиҳасини жадаллаштириш жараёнини муҳокама қилди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА