Судьялар олий кенгаши: ўтган йилда 783 нафар номзод тавсия этилган лавозимга муносиб, деб топилди

216

40 нафар судьянинг ваколати муддатидан илгари тугатилди

АОКАда Судьялар олий кенгашининг 2024 йилдаги фаолияти сарҳисобига доир матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Қайд этилишича, 2024 йилда кенгаш томонидан судьялик лавозимига танлаш ва тайинлаш бўйича ўтказилган очиқ танловлар натижасида 783 нафар номзод тавсия этилган лавозимга муносиб, деб топилди.

Уларнинг 142 нафари судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига, 146 нафари ўн йиллик муддатга, 5 нафари муддатсиз даврга, 250 нафари ваколати муддати даврига қайта тайинланган. Судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига тайинланганларнинг барчаси кенгаш ҳузуридаги Судьялар олий мактаби битирувчилари ҳисобланади.

2025 йил 1 январдан суд тизимида янги институт – жиноят ишлари бўйича туман ва шаҳар судларида тергов судьялари иш бошлади. Шунга мувофиқ, 2024 йилда ушбу лавозим учун 240 та тайинлов ҳам амалга оширилди.

2025 йилнинг 20 февраль ҳолатига тизимда 1 минг 518 нафар судья фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 500 нафари (32,9 фоиз) ушбу лавозимда бўлишнинг биринчи беш йиллик, 964 нафари (63,5 фоиз) ўн йиллик муддатга, 54 нафари (3,6 фоиз) муддатсиз даврига тайинланган (сайланган).

Судьялар корпусини шакллантиришда гендер тенгликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2024 йилда аёл судьялар 34 нафарга кўпайиб, жами 225 нафарга етди (15 фоиз). Уларнинг 22 нафари раҳбар судьялик лавозимларига тайинланган. Аёл судьяларимизнинг 3 нафари Халқаро аёл судьялар ассоциацияси аъзоси ҳисобланади.

Кенгаш фаолиятида раҳбар судьялик лавозимларига номзодларни шакллантириш масаласи ҳам устувор аҳамият касб этмоқда. Шу мақсадда 2024 йилда 200 нафар судья тест синовларидан ўтказилиб, энг юқори балл олган 60 нафари туманлараро, туман (шаҳар) суди раиси ва раис ўринбосари лавозими учун захирага олинди. Улар учун икки ойлик қайта тайёрлаш курслари ташкил этилди.

2024 йилда 40 нафар судьянинг ваколати муддатидан илгари тугатилди. Уларнинг 19 нафари ўз аризасига кўра, 11 нафари судьялик қасамёдини, 10 нафари Судьялар одоби кодекси талабларини бузгани учун лавозимидан озод қилган.

Судьяларнинг дахлсизлигини таъминлаш, уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашувлар бўйича Бош прокуратурага 5 та тақдимнома киритилди. Бунинг натижасида 3 та жиноят иши қўзғатилди, 2 ҳолат ўрганилмоқда. Шунингдек, 10 нафар судьяга нисбатан етарли асосларсиз қўлланган интизомий жазо чораларини бекор қилиш юзасидан тегишли малака ҳайъатига тақдимнома киритилди.

2024 йилда Судьялар олий кенгаши фаолиятида халқаро ҳамкорлик ривожланди. Сингапурда бўлиб ўтган Суд бошқаруви халқаро ассоциацияси (IACA) конференциясида Судьялар олий кенгаши ушбу халқаро ташкилот аъзолигига қабул қилинди. Шу тариқа, Судьялар олий кенгаши аъзо бўлган халқаро ташкилотлар сони яна биттага кўпайди. 2022 йилнинг октябрь ойида кенгаш Судьялар малакасини ошириш халқаро ташкилоти (IOJT) аъзолигига қабул қилинган эди.

Судьялар фаолияти самарадорлигини очиқ ва шаффоф баҳолаш бўйича миллий электрон рейтинг баҳолаш дастури янада такомиллаштирилди. Анъанага мувофиқ, энг юқори рейтинг-баллга эга судьялар “Ибратли судья” мукофоти билан тақдирланиб келинмоқда. 2024 йил натижаларига кўра, 18 нафар судья ушбу мукофотга лойиқ, деб топилди.

Рейтинг кўрсатгичлари паст судьялар фаолияти таҳлилий ўрганилиб, уларнинг малакасини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Судьяларнинг касбий фаолиятини амалга оширишида риоя қилиши шарт бўлган ахлоқ-одобига оид талабларни аниқлаштириш, амалдаги қонунчиликда мавжуд бўлган нормаларнинг такрорланишига чек қўйиш ҳамда янгиланган Конституцияга мувофиқлаштириш мақсадида Судьялар одоби кодекси янги таҳририда қабул қилиниб, уч тилда нашр этилди. Мазкур ҳужжатда акс этган қоидаларни кенгроқ тушунтириш, ҳуқуқий, ижтимоий, маърифий аҳамиятини изоҳлаш мақсадида “Судьялар одоби кодексига шарҳлар” номли яна бир китоб босмадан чиқди.

Н.Абдураимова, ЎзА